Ссылки доступа

Қирғизистон Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегаралар бўйича музокаралар ўтказади


Бишкек чегара масаласида ўзбек ва тожик томони билан бош вазир ўринбосарлари даражасида музокаралар ўтказишни режалаштирмоқда, деди 18 август куни Қирғизистон президенти билан ўтказилган онлайн йиғилишда Қирғизистон бош вазирининг ўринбосари Акрам Мадумаров.

Унга кўра, чегараларда нохуш ҳодисаларга йўл қўймаслик мақсадида маҳаллий расмийлар хавфсизлик органлари билан биргаликда аҳоли орасида тушунтириш ишларини олиб бормоқда.

Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков пандемия шароитида чегараларни демаркация ва делимитация қилиш бўйича ҳукуматлараро комиссия ишини фаоллаштириш муҳим деб айтди ва ҳукуматни бюджетдаги тақчилликка қарамай Боткен вилоятини ривожлантириш дастурини тўлиқ ҳажмда молиялаштиришга чақирди. Мазкур вилоятда ҳаммадан кўра чегара можаролари юз бермоқда.

Совет Иттифоқи 1991 йилда тарқаб кетгандан кейин Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги чегараларнинг кўплаб участкалари баҳсли бўлиб қолди. Айниқса энг мураккаб вазият Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон чегаралари туташган Фарғона водийсининг кўплаб эксклавлари яқинида эканлиги айтилади.

Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегаранинг умумий узунлиги 1379 километрни ташкил этади, улардан беш фоизга яқини ҳозирча делимитация қилинмаган. Шу жумладан, сув ва ер ресурслари учун баҳслар юзага келадиган Сўх анклави ҳам шулар қаторига киради.

Қирғиз-тожик чегарасининг узунлиги 976 километрни ташкил этади, унинг 519 километри делимитация ва демаркация қилинган бўлиб, қолган линия ноаниқ бўлиб қолмоқда. Чегараларнинг аниқланмаган чизиғи чегарадош манзилгоҳларда – ер, сув, чегарани ноқонуний кесиб ўтиш каби баъзи бир можароларга сабаб бўлмоқда.

XS
SM
MD
LG