Ссылки доступа

Манбалар: Тожикистон транспорт вазири кучли тушкунлик ҳолатида ўз жонига қасд қилишга уринган


Худоёр Худоёрзода

Тожикистон транспорт вазири Худоёр Худоёрзода Радио Озоди билан суҳбатда саломатлиги яхшиланганини, аммо ҳамон шифокорлар назоратида эканлигини айтди.

Расмий хабарга кўра, 11 август куни Транспорт вазири ўз жонига қасд қилишга уринган, аммо қариндошлари унинг ҳаётини сақлаб қолган.

62 ёшли Худоёр Худоёрзода ўз жонига қасд қилишга уриниш сабаблари юзасидан изоҳ бермади. «Қачон шифохонадан чиқаришларини билмайман. Бу борадаги қарорни шифокорлар қабул қилади. Айни дамда даволанишда давом этмоқдаман», дея баёнот берди Транспорт вазири 19 август куни Радио Озоди билан бўлиб ўтган телефон суҳбатида.

Тожикистон Бош прокуратураси 11 август куни баёнот берар экан Худоёр Худоёрзода «Душанбе шаҳридаги турар жойида оилада юзага келган можаро туфайли хўжалик пичоғидан фойдаланган ҳолда ўз жонига қасд қилишга уринди», деди.

Бироқ, Транспорт вазирлигининг ходимлари вазирнинг ўзига таянган ҳолда, ўша куни у кучли тушкунликда эканлигини айтишди. «Ўз жонига қасд қилиш оиладаги муаммоларга, вазирнинг касбий фаолиятига боғлиқ эмас. Ўша куни эрталаб, Худоёрзоданинг ўзи тан олиб айтишича, у кучли тушкунликда бўлган. Унинг сўзларига қараганда, оилада бирор бир можаро бўлмаган, унинг ажойиб рафиқаси ва ажойиб фарзандлари бор», деди Транспорт вазирлигидаги амалдорлардан бири.

Тожикистон Бош прокуратураси 19 август куни қисқача қилиб вазирнинг ўз жонига қасд қилиши юзасидан тергов давом этаётганини маълум қилди. Транспорт вазирининг яқинлари ва қариндошлари журналистлар билан мулоқот қилишни исташмади.

Бундан аввалроқ “Истиқлол” тиббиёт маркази шифокорларидан бири ўз номини ошкор қилишни истамаган ҳолда, Худоёр Худоёрзода пичоқдан қорнидан олган иккита жароҳат билан шифохонага олиб келинганини айтди. Ўша куни эрталаб юқори лавозимли амалдорнинг уйида нималар бўлгани ҳамон ноаниқ.

Худоёр Худоёрзода транспорт вазирлигини 2017 йилдан бери бошқариб келади. Аввалроқ, у Тоғли Бадахшон Мухтор вилояти Мажлиси депутати, Тожикистон парламенти юқори палатаси - Мажлиси Миллий аъзоси, ТБМВ Рушан туман раиси бўлган.

XS
SM
MD
LG