Ссылки доступа

Миллиардер Усмоновнинг хайрия пуллари тез ёрдамчиларга тўлиқ етиб бормади (видео)


"Тез ёрдам" хизмати ходимлари миллиардер Алишер Усмонов томонидан уларга ажратилган хайрия пуллари тўлиқ етиб келмаганидан шикоят қилмоқда.

Ўтган ой охирида россиялик (асли ўзбекистонлик) миллиардер Алишер Усмонов томонидан Тез тиббий ёрдам бригадалари ходимлари учун 100 млрд сўм (тақрибан 10 млн АҚШ доллари) миқдорида ҳомийлик хайрияси ажратилди.

Шунингдек, тез ёрдамчиларни бир марталик рағбатлантириш учун давлат бюджетидан ҳам 100 млрд сўм пул ажратилган.

Вазирлар маҳкамаси қарорида ушбу 200 млрд сўмни "Тез ёрдам" хизмати врачларига 5 миллион сўм, фельдшерлар ва санитарларга 4 миллион сўм, ҳайдовчиларга 3 миллион сўмдан бўлиб берилиши белгиланган.

Қашқадарё вилоят, Муборак туман Тез тиббий ёрдам бўлими ходимлари видеомурожаат йўллаб, рағбатлантириш пуллари тақсимланишида ноҳақликлар бўлганидан шикоят қилишди:

“СOVID-19га қарши курашаётган ходимларга президентимиз белгилаган бир марталик рағбат пули тўлиқ тўланмади. Бизнинг раҳбарлар 2 млн сўмдан берди. Айримлар 1 миллион сўмдан олди. 6 фоизлик устама ҳам олганимиз йўқ. Бухгалтерияга учрасак, қониқарли жавоб ололмадик. Кечани кеча, кундузни кундуз демай ишлаяпмиз. Мутасаддилардан тўлов адолатли берилиши борасида ёрдам сўраймиз”.

Бухоро вилоят, Қоракўл туман Тез тиббий ёрдам хизмати ходимлари ҳам мурожаат қилиб, рағбатлантириш пулларини тўлиқ олмаганига норозилик билдиришди:

“Қоракўлдаги тез тиббиётчилар Алишер Усмонов ажратган ёрдам пулини тўлиқ олишмади. Ҳар бир одамга ҳукумат қарорида белгиланган суммадан 150 минг сўм кам беришди. Шунга ҳақлими улар? Қолган пул қаерга кетган? Алишер Усмоновнинг совғасини нимага тўлиқ беришмади бизга?”.

Қоракўллик тез ёрдамчилар тақдим қилган ҳужжатда бир марталик рағбатлантириш пуллари қарорда белгиланганидан кам берилгани қайд қилинган.

Ҳужжатга кўра, Қоракўл туман Тез тиббий ёрдам бригадаларининг жами 200 ходимига ҳукумат қарорида белгиланган 710 миллион сўм ўрнига 686 миллион сўм тарқатилгани ёзилган.

Жумладан, 5000000 сўм пул олиши керак бўлган врачларга 4834944 сўм берилган. 4000000 сўм олиши лозим бўлган фельдшерларга 3866017 сўм берилган.

Бухоро вилоят, Қоракўл туман Тез тиббий ёрдам хизмати масъули эса ходимларнинг шикоятларини вазирлик томонидан тақсимотнинг нотўғри қилингани билан изоҳлади:

“Тўғри ходимларга ажратилган рағбатлантириш пулларидан ушлаб қолинди. Лекин бу ерда махинация ёки талон-торожлик бўлгани йўқ. Сабаби рағбатлантириш учун ажратилган пуллар етмади. Вазирлик тақсимотни нотўғри қилган. Шунинг учун тез ёрдам бригадалари ходимларига бор пул тенг тақсимланди, фоиз ҳисобида. Етмаган пул барча ходимлардан ушлаб қолинди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлашга ҳам, ҳокимиятга ҳам, ҳамма жойга маълумот берилди. Вилоятдаги экономистлар билан маслаҳатлашилди. Айб бизда эмас. Муаммо сабаби тақсимотни нотўғри қилишганида”.

Озодлик Соғлиқни сақлаш вазирлигининг мулозимларидан бири билан боғланди. У тез ёрдам бригадаларига рағбатлантириш пуллари тарқатилишида умуман муаммо йўқлигини, бу борада вазирликнинг расмий Телеграм каналида барча маълумотлар борлигини таъкидлади.

XS
SM
MD
LG