Ссылки доступа

Самарқанд шаҳрида Туркия Бош консулхонаси очилади


Жорий йил якунига қадар Самарқанд шаҳрида Туркия Республикасининг Бош консулхонаси очилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълум қилди.

Расмий хабарда айтилишича, Самарқандда Туркия Бош консулхонасининг очилиши “Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси ўртасида стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарорида белгилаб қўйилди. Мазкур қарор 18 август куни қабул қилинган.

“Қарор билан Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишни назарда тутувчи чора-тадбирлар дастури тасдиқланди ҳамда Туркия билан кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилди”, - дейилади билдирувда.

Қарорга асосан Туркия ҳукумати соғлиқни сақлаш инфратузилмаси объектларини бошқариш соҳасидаги салоҳиятини ошириш, сейсмология соҳасидаги институционал ва норматив-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш, замонавий халқаро стандартларни жорий этиш, йўллар ва йўл бўйи инфратузилмасини қуриш ҳамда улардан самарали фойдаланиш соҳасида халқаро стандартларни жорий этиш, “электрон ҳукумат” соҳасида Туркиянинг энг яхши ечимлари ва технологияларини жорий этиш каби соҳаларда техник кўмакни кенгайтиради.

XS
SM
MD
LG