Ссылки доступа

Сўхлик йигит Фарғона ҳокими Шуҳрат Ғаниевни тошбўрон қилганликда айбланиб қамоққа олинди


10 август куни 23 яшар сўхлик Давлатжон Маллаев шу йилнинг 31 майида ўзбек-қирғиз чегарасида бўлган жанжал пайтида вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевга нисбатан “зўрлик ишлатганлик”да айбланиб қўлга олинди.

31 май куни чегаранинг баҳсли қисмида жойлашган “Чашма” булоғи устида чиққан тўқнашувда қарийб минг киши қатнашган, жараёнда Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев тошбўрон қилинган эди. Давлатжон Маллаев¸бу тошбўронда қатнашганликда айбланиб қамоққа олинган ҳозирча биринчи сўхликдир.

Сўх туманидаги Мулғон маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 50 яшар Насимахон Маллаевнинг айтишича, ўғли Давлатжон Маллаев шу йилнинг 10 августида Фарғона шаҳрига борганида, ҳисбга олинган.

Аёлнинг айтишича, уч кундан сўнг Маллаева шаҳарга кетиб қайтмаган ўғлини қидириб Сўх туман ҳокимлигига борганида, унинг ҳибсга олинганидан хабар топган.

Сўх анклавини вилоятнинг қолган қисми билан боғловчи Қирғизистондан ўтувчи йўл ёпиқлиги боис Фарғонага боролмаган Маллаева ўғлининг ҳибсдаги аҳволидан бехабарлигини айтади.

Давлатжон Маллаев шу йилнинг 11 август куннинг иккинчи ярмида Фарғона шаҳар судида судланган.

Фарғона вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари даъвоси асосида, Жиноят Кодексининг 244-модда (Оммавий тартибсизликлар), 219-модданинг 2-қисми (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) да кўзда тутилган жиноятларни содир этганлик айби қўйилган.

Суд ажримида, шу йилнинг 31 май куни “Чашма” булоғи устидаги тортишув ортидан бошланган оммавий тартибсизликда минг киши иштирок этгани айтилган.

Ажримда ëзилишича¸ Давлатжон Маллаев воқеаларда “фаол иштирок этиш”, тартибсизлик олдини олишга борган “Фарғона вилояти ҳокими Ш. Ғаниев бошчилигидаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига ҳам фаол қаршилик кўрсатиб, уларнинг ўз вазифаларини бажаришидан воз кечишига уриниб, зўрлик ишлатиб, уларга ва уларнинг машиналарига тош отиб, турли даражада шикаст етказган”.

Қўйилган айбловда кўзда тутилган жиноятларнинг оғирлиги боис судья Маллаевни Фарғона вилоятидаги 10-сон тергов ҳибсхонасига жойлаш ҳақида қарор чиқарган.

Ажримда Маллаевнинг ҳибсда қанча қолиши айтилмаган.

Туман ИИБдан олинган расмий маълумотга кўра, ҳозирда бу бўлимда вақтинчалик тергов изоляторининг йўқлиги боис ҳибсга олинаётганлар вилоят марказига олиб борилмоқда.

31 май куни ўзбек-қирғиз чегарасидаги воқеанинг айрим гувоҳлари¸ кутилмаганда бошланган тўполон иштирокчиларидан ҳеч бири "ҳоким ëки давлат мулозими"ни калтаклаш ниятида бормаганини айтади.

“Ҳозир Давлатжонни лопатани сопи билан вилоят ҳокимни ургансан, видеога тушиб қолгансан, дейишаётган экан терговчилар. Ўша куни у ерда 4 мингга яқин одам бор эди, менимча. Чегарада уруш бўлаяпти, бизникиларни уришяпти, деган гапни эшитгандан кейин, юрагида ўти бўлган ҳамма сўхлик кетганда чегарага. Кимни қўлида тош, кимникида кетмон, яна кимида лопата бўлган. Давлат ҳокимни ураётганини ҳеч ким кўрмаган, тарқалган видеоларда ҳам кўрмадим мен. Ўзи ҳеч ким у ерга ҳокимни ураман, деб бормаган, ўзимизникиларни ҳимоя қиламан, деб борган”.

Сўхликлар, Маллаевнинг қамалиши ортидан ҳодисада қатнашган бошқа тумандошларида ҳам ваҳима пайдо бўлганини қўшимча қилди.

“Бирма-бир чақириб, судлашаркан, деган гап юрибди. Чунки, Ғаниев аввал ҳам очиқ айтганди, рўйхат тайёр, деб. Ҳаммасини бирдан ушласа, Сўхда норозилик кучайиб кетиши мумкинлигидан чўчиётган бўлишса керакда. У ерда минглаб одам қатнашди – ҳаммасини судлашадими энди?! Ёки битта шу ночор оиланинг фарзанди бўлган Давлатжоннинг устига ағдаришадими?! Ҳа, А. Арипов: “Президентимиз бу ҳодисада қатнашганларни кечирди, тинчланинглар!” деб ваъда қилгандику?!” дейди исмини ошкор қилмасликни сўраган яна бир сўхлик.

Шу йилнинг 31 май куни Фарғона вилояти Сўх туманининг, Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой туманига туташ Чашма қишлоғида сув устида тўқнашув юзага чиқди.

Расмий баёнотга кўра, жанжалда икки тарафдан мингдан ошиқ одам, гувоҳларга кўра эса 4 мингга яқин одам қатнашган, томонлар бир-бирини тошбўрон қилган, бир неча уйга ўт қўйилган.

Ўзбекистон томони берган расмий маълумотга кўра, Сўх тумани шифохонасига ўқ еган ва жароҳатланган 187 ўзбекистонлик келтирилган, буларнинг 3 нафари ов милтиғидан яраланган.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотга кўра эса, жами 25 қирғизистонлик жароҳатланган, улардан 4 нафари оғир жароҳат билан шифохонага ётқизилган.

Чегарада бошланган даҳанаки можаронинг кейинчалик тўқнашувга айланиб кетишида маҳаллий раҳбарлар, хусусан, Фарғона ҳокимини айблаган норозилар Шуҳрат Ғаниев ва Сўх тумани собиқ ҳокимини тошбўрон қилган эди.

XS
SM
MD
LG