Ссылки доступа

Алексей Навальний касалхонада ҳушсиз қолмоқда


Алексей Навальный
Алексей Навальный

Россиянинг энг таниқли мухолифатчиси, Коррупцияга қарши жамғарма (ФБК) раҳбари Алексей Навальний беҳуш ҳолатда Омск шаҳар касалхонасига ëтқизилди.

Озодлик маълумотига кўра, Алексей Навальний ҳозирда реанимациянинг токсикологик бўлимида қолмоқда. Врачлар сунъий нафас олиш аппаратига уланган Навальний аҳволининг оғир эканини айтмоқда.

Сафдошлари ва гувоҳларга кўра¸ 20 август куни эрталаб Россиянинг Томскдан Москвага учаëтган пайтда Навальнийнинг аҳволи тўсатдан ёмонлашган ва самолëт Омск аэропортига фавқулодда қўнишга мажбур бўлган.

Коррупцияга қарши жамғарма (ФБК) матбуот котиби Кира Ярмишнинг хабар қилишича, чақиртирилган врачлар Навальний заҳарланганини билдирган. Кира Ярмиш Навальний эрталабдан бир стакан чойдан бошқа ҳеч нарса тановул қилмагани ва айнан “чойга нимадир қўшиб беришгани”ни тахмин қилмоқда.

"Тайга.инфо" нашрининг ëзишича¸ бундан аввал Навальний бир неча кун Сибирда бўлган ва афтидан коррупцияни фош қилишга қаратилган навбатдаги суриштирувига маълумот тўплаган. Аввалига Новосибирск шаҳрида волонтёрлар билан учрашган Навальний¸ сўнгра Томскка келган.

Бу Россия мухолифати етакчисининг биринчи марта заҳарланиши эмас.

2019 йилнинг июль оийда Алексей Навальний Москванинг 1-сонли махсус приёмнигидан заҳарланиш аломатлари билан госпитализация қилинган эди. Ўшанда врач ва терговчилар Алексей Навальний қонида ҳеч қандай заҳарли модда аниқланмагани, унинг аллергия хуружига учраганини билдирган эди.

Навальнийнинг ўзи кейинроқ журналистларга берган интервьюсида аллергияси йўқлиги ва уни заҳарлашмоқчи бўлишганини билдирди.

Бу заҳарланиш ҳодисаси бўйича Тергов қўмитасига топширилган ариза натижасиз қолганидан сўнг Навальний¸ бунинг ўзига қарши суиқасд уриниши бўлганини билдирган эди.

XS
SM
MD
LG