Ссылки доступа

Кремль Навальнийнинг шифохонага ётқизилишига изоҳ берди


Президент матбуот котиби Дмитрий Песков баёнот бериб, Алексей Навальнийнинг шифохонага ётқизилиши бўйича хабарларни кузатиб турганини айтиб, “мамлакатнинг ҳар бир фуқароси сингари” унга шифо тилашини билдирди.

Песков агар Навальнийни хорижда даволаш борасида мурожаат тушгудек бўлса, уни чет элга эвакуация қилиш учун ёрдам беришга ваъда қилди.

Президент матбуот котибининг қўшимча қилишича, энг зўр шифокорлар жалб қилинган бўлиб улар Навальнийга ёрдам бериш мақсадида барча чораларни кўрмоқда. Песков, агар Навальнийнинг заҳарлангани ҳақидаги хабарлар тасдиқлангудек бўлса, у ҳолда Россияда тергов олиб борилади, деди.

Коррупцияга қарши кураш жамғармаси (КҚКЖ) раҳбариАлексей Навальный ҳушсиз ҳолда Омскдаги №1 тез тиббиёт ёрдам шифохонасига ётқизилди. Пайшанба куни эрталаб Навальный Томскдан Москвага қайтаётган эди. Самолётда у ўзини ёмон ҳис қилган. Шу сабабли лайнер фавқулотда Омскка қўнди, муҳолифатдаги сиёсатчига тез ёрдам чақирилди. Навальнийнинг ёнида бўлган сиёсатчининг матбуот котиби Кира Ярмишнинг айтишича, шифокорлар КҚКЖ раҳбарининг токсик заҳарланганини гумон қилмоқда. Унинг таҳминига кўра, кимдир унинг «чойига нимадир қўшиб қўйган бўлиши мумкин», чунки Навальный эрталаб фақат чой ичган эди, холос.

Шифохона бош шифокорининг ўринбосари Анатолий Калиниченконинг баёнотига қараганда, Навальнийнинг аҳволи оғир ва барқарор, у сунъий нафас олиш аппаратига уланган. Калиниченконинг сўзларига кўра, бир нечта диагнозлар текширилмоқда, заҳарланиш "эҳтимолий сабаблардан бири" сифатида кўрилмоқда, аммо ўткир шаклда бир хил клиник кўринишга олиб келадиган "айрим вазиятлар ҳам" мавжуд.

ТАССнинг ҳуқуқ тартибот идорларидаги манба»га таянган ҳолда хабар қилишича, Навальний қасддан заҳарлангани борасидаги версия ҳозирча кўриб чиқилмаяпти: "У кечқурун ўз билганича нималарнидир ичгани ёки қабул қилгани истисно қилинмаяпти". Ярмиш буни инкор қилади: "У кечқурун ичмади ва бугун бирор бир таблетка қабул қилмади". У ҳукуматпараст тармоқ ресурсларининг мувоффиқлаштирилган медиакампанияси ҳақида гапирди.

Ярмишнинг сўзларига қараганда, бош шифокор билан гаплашилгандан сўнг Юлия Навальний хоним эрининг палатасига кириши учун рухсат берилди. Аммо КҚКЖ асосчисининг бошқа шифохонага ўтказилишига тайёргарлик кўриш учун имкон берадиган бирорта ҳужжат ҳозирча шифокорларга тақдим қилинмади.

XS
SM
MD
LG