Ссылки доступа

Ўзбекистонлик темирйўлчилар Мозори Шарифда қуролли ҳужумга учради


20 август куни Афғонистоннинг Мoзори шариф шаҳри яқинидаги темир йўл қўриқчиларига уюштирилган қуролли ҳужуми оқибатида ўша ҳудудда ишлаб юрган ўзбекистонлик темирйўлчи оғир жароҳат олди.

Афғонистондаги Озодлик мухбирининг маҳаллий полицияга таяниб хабар қилишича, темирйўлчи Ўзбекистоннинг Термиз шаҳридаги касалхонага олиб кетилган.

Ҳужумда, Кобул расмийларига кўра¸ бир нафар афғонистонлик қўриқчи аскар ҳалок бўлган, яна бири жароҳат билан касалхонага ётқизилган.

Ҳозирча бу ҳужум учун масъулиятни ҳеч қайси қуролли гуруҳ зиммасига олмади.

Озодлик афғон хизматининг Кобулдаги мухбири Олим Раҳмонёр воқеага оид маҳаллий полиция тарқатган тафсилотларни маълум қилди.

“Балх полицияси сўзчиси Одилшоҳ Одилнинг айтишича, бугун эрталаб соат 7 да нотаниш кимсалар Балх темир йўли қўриқчиларига қуролли ҳужум қилганлар. Воқеа Мозори шариф – Ҳайратон йўлида юз берган. Қўққисдан қилинган ҳужум оқибатида темир йўлнинг бир қўриқчиси ўлган, яна бир қўриқчи ва ўша ерда ишлаб юрган ўзбекистонлик темирйўлчи яраланган. Ўзбек ишчиси Термиз шаҳрига олиб кетилган”.

Олим Раҳмонёрга кўра, айни пайтда Балх полицияси қочиб кетган ҳужумчиларни қидирмоқда.

Воқеага оид норасмий хабарга кўра¸Мозори Шариф яқинидаги Тоза Умид қишлоғидаги масжид олдида отишма бўлган. Толиб жангарилари қўриқчи машинага ҳужум қилган. Бир афғон солдати ўлган¸ учтаси яраланган.

"Ҳужум жойида бўлган ўзбекистонлик темир йўлчилардан иккитаси воқеа жойида ўлган¸ биттаси жароҳатланган. Ярадор ўзбекистонлик Термизга олиб келинган"¸ деб хабар берди Ҳайратондаги ўзбеклардан бири.

Балх полицияси ҳужум оқибатида ўзбекистонликларнинг ўлганига оид хабарларни инкор қилди.

Озодлик Мозори Шарифдаги ўзбек темир йўлчиларининг ҳужумга учрагани¸ унда неча нафар ўзбекистонликнинг жароҳатлангани¸ ўлганлар бор-йўқлигини аниқлаштириш мақсадида Ўзбекистон Транспорт вазирлиги¸ қолаверса¸ "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ матбуот хизмати билан боғланди.

Ҳар иккала идора мулозими Озодликка бундай воқеадан хабари йўқлигини айтиш билан чекланди.

XS
SM
MD
LG