Ссылки доступа

Одам савдосида айбланган собиқ фаолнинг Қозоғистондан Ўзбекистонга экстрадиция қилингани айтилмоқда


Сўнгги 10 йил давомида Қозоғистонда яшаб юрган сурхондарёлик собиқ мухолифат фаоли Хуррам Бердиевнинг Ўзбекистонга экстрадиция қилингани айтилмоқда.

Оиласи ва Қозоғистондаги яқинларидан олинган маълумотга кўра, у шу йилнинг 8 февралида, Ўзбекистон ҳуқуқ тизимлари сўрови асосида Чимкентда ушланган ва ҳибсда сақланаётган эди.

Хуррам Бердиев одам савдосида айбланган яна икки ҳуқуқ фаоли иши доирасида 2014 йилда Тошкент томонидан қидирувга берилганди.

Хуррам Бердиевнинг 21 яшар ўғли Шоҳжаҳон Ҳасанов Озодликка 7 ойдан бери ҳибсда сақланган отасининг 17 август куни Ўзбекистонга экстрадиция қилингани ҳақида адвокатларидан эшитганини айтди.

“Адвокати WhatsApp орқали хабар қилди. Ўзбекистонга олиб кетишди, деди. Ҳозир отам қаерда сақланаётганини билмаймиз”.

Сайрамдаги яқинларидан бири ҳам, Бердиевнинг 17 август куни экстрадиция қилингани ҳақида Чимкент шаҳар ИИВ бўлинмасидан маълумот олганини айтди, аммо шахсини очиқламасликни сўради.

Сайрам туман суди судьяси имзолаган қарорда ëзилишича¸ Бердиев Шайҳонтоҳур туман судининг 2014 йилнинг 21 январидаги қарорига асосан, Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 135-моддаси, 3-қисми, “г” банди билан одам савдосида айбланиб, қидирувга берилган.

Суд қарорида¸ Бердиев 2020 йилнинг 8 февралида қўлга олинганида унинг МДҲ давлатлараро қидирувга берилгани маълум бўлган.

Шунингдек, қарорда Бердиевнинг Қозоғистон фуқаролиги ёки қочқинлик мақомини сўраб мурожаат қилмагани қайд этилган.

1961 йилда Сурхондарёнинг Қумқўрғон туманида туғилган Хуррам Бердиев Она тили ва адабиёти фани ўқитувчисидир. Унинг 5 фарзанди бор.

“Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” уюшмаси раҳбари Надежда Отаеванинг хабар қилишича, 2014 йилнинг 6 мартида икки ҳуқуқ фаоли – Фахриддин Тиллаев ва Нуриддин Жуманиёзовлар устидан Шайхонтоҳур туман Жиноят ишлари судида ўтган маҳкамада Хуррам Бердиев ҳам айни иш доирасида “одам савдоси”да айблангани айтилган.

XS
SM
MD
LG