Ссылки доступа

Бишкек суди марҳум Азимжон Асқаровнинг ҳукуматга қарши ёзган даъво аризасини кўриб чиқишдан бош тортди


Асқаровнинг беваси Хадича Асқарова турмуш ўртоғининг оқланиши учун курашни давом эттирмоқчи.

20 август куни Бишкек шаҳар суди марҳум ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг қирғиз ҳукумати устидан ёзган даъво аризасини кўриб чиқди. Асқаров ўтган йили ҳукуматни Бирлашган Миллатлар ташкилоти таклифини инобатга олмай, қарорини бажармаяпти деб судга берган.

Судда адвокатлар Асқаров ўрнига даъвогар сифатида унинг турмуш ўртоғи Хадича Асқаровани тайинлаш тўғрисида илтимоснома киритишди. Бироқ суд бу илтимосни қаноатлантирмади.

- Азимжон Асқаров вафот этгани сабабли суд унинг меросхўри сифатида бир одамни тайинлаши керак. Маъмурий процесуал кодексга мувофиқ бир томон вафот этса ёки судда иштирок этолмаса шундай чора қўлланилади. Биз арзимизда даъвогар сифатида Хадича Асқаровани кўрсатиб Азимжон Асқаровнинг даъво арзини аёли номидан даъво эттиришни сўрадик, -дейди Азимжон Асқаров адвокати Валериан Вахитов.

Ўтган йилнинг 23 ноябрида Азимжон Асқаров “БМТ таклифини инобатга олмай, қарорини бажармаяпти” деб ҳукуматга қарши ариза ёзган. 2016 йили БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Асқаров қамоқда қийноққа солинган, тиббий ёрдам ва ҳолис суд билан таъминланиш ҳуқуқидан ажратилганини таъкидлаган.

12 июнда Бишкек маъмурий суди Асқаров даъво аризасини кўриб чиқишни тўхтатган. Бунга “иш доирасидаги талашда ҳукумат маъмурий орган сифатида жавобгар эмас”, деган сабаб келтирилган.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича бош комисарияти матбуот котиби Элизабет Трўссел 28 июлда Женевада Асқров ўлими бўйича мустақил изланиш олиб бориш зарурлиги ва унинг оиласи ҳукуматдан товон пули ундириб олиш ҳуқуқига эга эканини айтган.

Шунингдек, Асқаров ўлими ортидан бир қатор халқаро ташкилотлар ҳам қирғиз ҳукуматини танқид қилган билдирувлар тарқатган.

Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков 1 август куни қирғиз матбуотига берган интервьюсида қамоқхонада вафот этган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров борасидаги саволга жавоб берар экан:

69 ёшга тўлган Азимжон Асқаров 25 июлда қамоқхонада пневмониядан вафот этган. У 2010 йилдаги июнь воқеаларида оммавий тартибсизликларни уюштириш ва одам ўлдиришда иштирок этганликда айбланиб умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Азимжон Асқаров тириклик чоғида бу айбловларни тан олмаган. Ҳуқуқ фаоли жасади ўзининг васиятига биноан 31 июль куни Тошкентда дафн этилган.

XS
SM
MD
LG