Ссылки доступа

Марказий банк ўзбекистонликлар камроқ гўшт истеъмол қила бошлаганини билдирди


Пандемия даврида ўзбекистонликлар озиқ-овқат маҳсулотларига камроқ маблағ сарфламоқда.

Марказий банк аҳоли турмуш даражаси ва инфляция бўйича таҳлилий маълумотлар тақдим этди. Бу ҳақда қатор матбуот нашрлари хабар берди.

Ушбу таҳлил уй хўжаликлари даромадлари ва харажатлари бўйича сўров (УДXС) натижалари ҳамда ҳудудлар кесимидаги истеъмол нархлари индекси (ИНИ) маълумотлари асосида амалга оширилган.

Қайд этилишича, II чоракда барча даромад гуруҳидаги аҳолининг асосий озиқ-овқат маҳсулотлари, хусусан, гўшт бўйича харажатлари I чоракка нисбатан сезиларли даражада камайган.

Масалан, ойлик даромади 2 млн сўмгача бўлган аҳолининг ойлик ўртача гўшт маҳсулотлари хариди I чоракка нисбатан 39,5 фоизга ёки 107 минг сўмга камайиб 164 минг сўмни ташкил этган.

Мазкур ҳолат коронавирус пандемияси даврида аҳоли даромадларининг камайиши ҳамда харажатларнинг оптималлаштирилиши билан изоҳланади.

Ушбу сўровномада иштирок этган респондентлардан 56 фоизи пандемия сабабли оилавий даромадининг камайганини таъкидлаган бўлса, 15 фоизи даромадсиз қолганини билдирган.

XS
SM
MD
LG