Ссылки доступа

30 кишилик тўйга рухсат берилиши ортидан бўлғуси келин-куёвлар ФҲДЁ олдида навбатга тизилди (видео)


Ўзбекистонда 15 августдан карантин чоралари юмшатилиб, ўттиз кишилик тўйларга руxсат берилиши ортидан мамлакатнинг никоҳ қайд этиладиган аксар ФҲДЁ (Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш) бўлимлари олдида навбатлар юзага келди.

Самарқанд вилояти Қўшработ тумани ФҲДЁ бўлими олдида ўнлаб одам навбат кутмоқда. Бу манзарани видеога тушириб юборган самарқандлик йигит:

“Қаранг, соат 9 дан ўтди, аммо ҳали очилмади. Карантин қоидаларига ҳам риоя қилинмаяпти”, дейди.

- Ҳаммаёқ коронавирус бўлиб ётган бир пайтда¸ булар бир жойга тўпланишяпти. ФҲДЁ никоҳ аризаларини қабул қилишни тартибли ташкиллаштирса бўлмайдими? дейди ФҲДЁ бўлими олдида турган каттақўрғонлик йигит.

Бошқа вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги бир қанча ФҲДЁ бўлимлари ходимлари билан 19 август кунги суҳбатдан¸расмий никоҳдан ўтиш учун ариза топширувчилар сонининг кескин кўпайгани маълум бўлди.

Тошкентнинг Учтепа тумани ФҲДЁ бўлими ходимаси 19 август куни тушгача элликка яқин никоҳ аризаси тушганини айтди.

- 15 августдан ўттиз кишилик тўйларга рухсат берилганига одам кўпайиб кетди. Бугун тушгача элликтага яқин ариза тушди. Бу жуда кўп. Одатда кунига бешта, кўп бўлса ўнта бўларди.

Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманидаги 3-сон Никоҳ уйи ходимаси никоҳдан ўтиш ҳақидаги аризаларни онлайн тартибда юбориш имконияти борлигини айтди.

Тошкентлик бўлғуси келин-куëвлар онлайн топширилган аризаларни кўриб чиқишнинг узоққа чўзилаëтгани боис¸ жонли навбатда туришга мажбур бўлганини айтади.

- Бориб топширмасангиз, онлайн топширилган аризаларга ҳеч ким қарамайди. Улар қараб чиққунча яна кучли карантин бошланиб, никоҳсиз қолиб кетиш мумкин, - дейди Тошкентнинг Миробод тумани ФҲДЁ бўлимига ариза топширишга борган Ҳумоюн исмли йигит.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тарқалишини жиловлаш бўйича ҳукумат комиссияси қарорига мувофиқ, 15 августдан тўй, маърака ва маросимларни чекланган тартибда ўтказишга рухсат берилди.

Айни пайтда¸ тўйхоналар ёпиқ қолади, тадбирларни уйда, кўпи билан 30 киши – фақат яқин қариндошлар ва шу маҳалла ҳудудида яшовчи қўшнилар билан ўтказиш мумкин.

Тошкентлик Маруфа опа Ўзбекистон шароитида тўйларни ҳукумат белгилаган чекловлар билан қилишнинг мушкул эканини айтади:

- Масалан ¸менинг тўртта акам, битта синглим бор. Уларни нг аёллари, эрлари, болалари бор. Турмуш ўртоғимда ҳам шунча. Энди амма, тоға, хола, поччаларни ҳам қўшиб ҳисобласак ¸ ўттиздан ошади. Қуда тарафда ҳам шунча. Келин-куёвларнинг жўралари, дугоналари ҳам бор. Ҳисоблайверасиз. Айтмасангиз бўлмайди.

Бундай вазиятда¸ айтилишича¸ ўзбекистонликлар 30 кишилик зиëфатни¸ тўй куни бир эмас¸ бир неча марта ëзиб¸ жами меҳмонлар сонини юздан оширишга жазм қилмоқда.

Ўзбекистон Санитария–эпидемиологик осойишталик агентлиги расмийлари карантин юмшатилганига қарамай аҳолини гигиена қоидаларини бажариш, жамоат жойларида ижтимоий масофани сақлаш, ниқоб тақиб юриш, бир жойга тўпланмаслик талабларига қатъий амал қилиш ҳақида огоҳлантирмоқда.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 23 август ҳолатига кўра¸ мамлакатда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 38 946 нафарга, ўлганлар сони 273 нафарга етганини маълум қилди.

Ўзбекистон касалхоналаридаги вазиятни кўрган мутахассислар эса мамлакатда коронавирусни юқтирганлар сонининг расмий статистикадан анча кўп эканини айтмоқда.

XS
SM
MD
LG