Ссылки доступа

Бобомурод Абдуллаевга Хоразмдаги онаси билан видеомулоқот уюштирилган


Қирғизистонда ҳибсга олиниб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинган журналист Бобомурод Абдуллаевнинг онаси Гавҳархон Мадаминова 22 август куни Тошкентга олиб келинган ўғли билан видеомулоқот уюштирилганини айтди.

Мадаминованинг айтишича, ўзини Хоразм вилоят ҳокимлигиданман, деб таништирган шахс уйига келиб ўғли Бобомурод Абдуллаев билан видеомулоқот уюштирган.

Маҳаллий вақт билан 12.20ларда бўлган видеосуҳбат, Мадаминовага кўра, қисқа бўлган.

"Аввалги жойдаман, аввал мени сўроқ қилган одамлар биланман, тушлик қиляпмиз", деди. "Бугун Бишкекдан учоқ йўқ эдику, қандай олиб келишди?", десам "мени қора ҳарбий самолётда олиб келишди", деди. Кейин, Иродахонни (Бобомуроднинг Тошкентда яшайдиган синглиси) уйини калити қаерда, кечроқ қўйиб юборишса, борарман, деди. Яхши муносабатда бўлишаётган экан. Мен "Қора мерган" айбловини бўйнинга қўйишса, бўйнинга олма дегандим, шу пайт боламни кўзига ёш келди", - дейди Гавҳаржон Мадаминова.

22 август куни эрталаб Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) Ўзбекистон сўровига биноан журналист Бобомурод Абдуллаевни Тошкентга топширди.

Қўмита Ўзбекистон томони журналистга ҳимоя учун барча имкониятларни тақдим этишга, қийноқ қўлламасликка, шафқатсиз муомала қилмасликка ҳамда зарур бўлган тақдирда, керакли тиббий ёрдам кўрсатишга кафолат берганини маълум қилди.

Айтилишича, Б. Абдуллаев Ўзбекистон Жиноят кодексининг 158-моддаси (“Ўзбекистон Республикаси президентига тажовуз қилиш”) ва 159-моддасида (“Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш”) кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланмоқда.

XS
SM
MD
LG