Ссылки доступа

Тожикистонда мухолифат партиялари президентлик сайловини бойкот қилиши мумкин


Тожикистон Социал-демократлари етакчиси Раҳматилло Зойировнинг хабар қилишича, ТСДПнинг маҳаллий бўлимлари партиянинг шу йил 11 октябрга мўлжалланган президентлик сайловларида иштирок этишига қарши чиқмоқда.

Раҳматилло Зойиров ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида ёзишича, ТСДПнинг 10 та туман ва шаҳар бўлимлари «агар президентнинг катта ўғли Рустам Эмомалининг номзоди кўрсатилгудек бўлса, у ҳолда мамлакатда фуқаролар уруши бошланиб кетишидан ҳавотирга тушмоқда».

33 ёшли Рустам Эмомали Душанбе мэри ва мамлакат Мажлиси миллий (тожик парламентининг юқори палатаси) раиси бўлиб, Тожикистонда мансаб жиҳатидан иккинчи ўринда туради. Экспертлар у муҳим давлат амали бўйича отасининг меросхўри бўлишиниистисно қилмаяпти.

«Норози кайфиятдаги оддий фуқаролар ва мухолифатдан ташқари, амалдаги давлат аппаратининг ярмидан кўпроғи, Тожикистон давлат хизматининг оқсоқоллари Рустам Эмомалининг номзодига қарши чиқади», - дейди Зойиров.

Эмомали Раҳмон бошчилигидаги ва Рустам Эмомали ҳам аъзо бўлган Тожикистон халқ демократик партияси ҳозирча ўз номзодини кўрсатмади. Партия ва унинг тарафдорлари социал-демократлар етакчисининг баёнотига ҳозирча изоҳ бермади.

Зойировнинг таъкидлашича, мамлакат туман ва шаҳарлари бўйлаб икки ҳафталик амалий сафаридан сўнг шу фикрга келган. «ТСДПнинг иккита вилоят ҳамда 15 та шаҳар ва туман бўлимлари бир овоздан ТР президентлик сайловларида иштирок этишга қарши чиқди. Саккизта ташкилот сайловлар ноқонуний ва халққа қарши дея тан олинишини талаб қилди ва сайловни бойкот қилишга чақирди», -дея ёзди Зойиров.

Унинг сўзларига қараганда, сайловларда иштирок этиш ёки бойкот қилиш масаласидаги қарор ТСДП Сиёсий кенгаши томонидан шу йил август сўнгигача қабул қилинади.

Тожикистон Социал-демократик партияси 1999 йилда рўйхатга олинган, партия маълумотларига кўра, айни дамда ТСДП сафларида 12 мингдан ортиқ аъзо бор.

Тожикистон Социал-демократик партияси мамлакатдаги ягона мухолифат партияси ҳисобланади. Партия очиқдан очиқ ҳукуматнинг айрим қарорларига қарши чиқади. Жумладан, партия сайловлар санасини 6 ноябрдан 11 октябрга кўчирилишига қарши чиқди.

Тожикистонда навбатдаги президентлик сайлови 11 октябрда бўлиб ўтади. Бу борадаги қарор 6 август куни тожик парламентининг ҳар икки палатасининг қўшма сессиясида қабул қилинди. Қонунга кўра, сиёсий партиялар, вилоят, шаҳар ва туман касаба уюшмалари Тожикистн бўлажак президентлиги учун номзодларни кўрсатишлари мумкин.

XS
SM
MD
LG