Ссылки доступа

Қозоғистондан Қирғизистонга топширилган собиқ депутат Дамир Асилбек ўғли амнистия билан озод қилинди


Қирғизистон парламентининг собиқ депутати, Қозоғистонда махсус хизматларнинг икки давлат чегарасидаги шов-шувли операциясидан кейин “иқтисодий контрабанда” иши бўйича озодликдан маҳрум этилган ва ўтган йили Бишкекка топширилган собиқ депутат амнистия билан озодликка чиқди.

Бу ҳақда ҳукмни қайта кўриб чиққан Қирғизистон Олий суди хабар берди.
Олий суддан айтишларича, иш “янги ҳолатларни ҳисобга олиб” такроран кўриб чиқилган. Дамирбек Асилбек ўғлини “Жиноий гуруҳ ташкил этиш” моддаси бўйича жиноий жавобгарликдан озод қилишди, «Иқтисодий контрабанда» моддаси бўйича уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилишди.

Собиқ депутат Қирғизистондаги Апрел инқилобининг 10 йиллиги (президент Қурманбек Бақиев ўшанда ағдарилган) ва Иккинчи жаҳон урушининг 75 йиллиги санаси муносабати билан эълон қилинган амнистияга тушиб, озодликка чиқди.

Асилбек ўғлининг озод қилиниши ҳақида ўтган ҳафта маълум бўлди. Унинг турмадан чиқиши тўғрисида Қирғизистон жазони ижро этиш давлат хизмати хабар қилди, аммо тафсилотлар эълон қилинмади.
Қозоғистон томони ҳозирча Асилбек ўғлининг озод қилинишига қандайдир муносабат билдирмади.

Асилбек ўғли 2019 йил апрелида Олмаотада “трансмиллий уюшган гуруҳни ташкил этиш” ва “иқтисодий контрабанда” айбловлари билан 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Ушбу иш доирасида 12 киши кесилди. Уларнинг кўпчилиги, жумладан, Асилбек ўғли ва яна икки нафар қирғизистонлик айбланувчилар судда ўзларига қўйилган айбловларни рад этишди.
Ўша йилнинг ноябрида собиқ депутатни Қирғизистонга экстрадиция қилишди.

Асилбек ўғлининг қўлга олиниши ҳақидаги маълумотлар 2018 йилнинг 16 февралида, Қозоғистон бош прокуратураси “божхона соҳаси”га яқин тизимда махсус операция ўтказилгани, Хитойдан Қозоғистон ва Россияга ноқонуний товар ташиган “трансмиллий уюшган гуруҳлар” изига тушилгани борасида хабарлар тарқатганидан сўнг пайдо бўлди.
Асилбек ўғли Қозоғистонда қўлга олинганидан кейин Марказий сайлов комиссияси уни депутатлик мандатидан маҳрум қилди. Расмийларнинг айтишича, Асилбек ўғлида Қозоғистон фуқаросига тегишли ҳужжатлар бўлган.

XS
SM
MD
LG