Ссылки доступа

28 йил ҳукмронлик қилган Раҳмоннинг номзоди яна Тожикистон президентлигига кўрсатилди


Эмомали Рахмон голосует на парламентских выборах в Таджикистане. Март 2020 года. Фото пресс-службы президента Таджикистана

Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси 26 август куни амалдаги давлат раҳбари Эмомали Раҳмон номзодини президентликка кўрсатди.

Душанбе шаҳридаги таълим касаба уюшмалари амалдорларидан бирининг Радио Озодига айтишича, сайловолди сеъздининг барча делегатлари бир овоздан Раҳмон номзодини қўллаб-қувватлади.

Қонунга кўра, сиёсий партиялар ва Ёшлар Иттифоқи сингари касаба уюшмалари ҳам Тожикистон президентлиги учун номзод кўрсата олади.

Ҳозирча, Эмомали Раҳмон Тожикистон президентлиги учун курашаётган бешинчи даъвогардир. Аввалроқ президентликка номзод сифатида Рустам Латифзода (Тожикистон Аграр партияси), Абдуҳалим Ғаффоров (Тожикистон Социалистик партияси), Саидджафар Усмонзода (Тожикистон Демократик партияси) ва Рустам Раҳматзода (Тожикистон иқтисодий ислоҳатлар партияси) кўрсатилган эди.

Тожикистон Компартияси ва Тожикистон Халқ Демократик партиясининг номзодлари сентябр бошларида маълум бўлади.

Муҳолифатдаги Социал-демократик партия президентлик сайловларини бойкот қилиши аниқ бўлиб қолди. Икки кун аввал социал-демократлар етакчиси Раҳматилло Зойиров баёнот бериб, мамлакат президентлигига ўз номзодини кўрсатмаслигини эълон қилди. Унинг таъкидлашича, Тожикистоннинг амалдаги президенти Эмомали Раҳмон сиёсий партия раиси бўлиш ҳуқуқига эга эмас, “бундан ташқари мамлакатда кўппартиявий тизим вайрон бўлган”. Унинг сўзларига кўра, амалда бир партиявийлик тизим ўрнатилган.

«Мен Тожикистон фуқороси ва ТСДП раҳбари сифатида Тожикистон Республикасининг амалдаги ноқонуний, аксилконституцион ва халққа қарши президентлик сайловларини қонунийлигини таъминлашга қаратилган сайловларда иштирок этмоқчи эмасман», дея баёнот берди Раҳматилло Зойиров.

Тожикистонда навбатдаги президентлик сайлови 11 октябрда бўлиб ўтади.

Эмомали Раҳмон Тожикистонга 28 йилдан бери раҳбарлик қилиб келади. Тожик президенти ўзгача фикрловчиларни бостиришда, инсон хуқуқларини бузишда, сўз эркинлиги ва виждон эркинлигини чеклашда танқид қилинади. Тожикистон раҳбари қариндош-уруғчиликка берилгани ҳам айтилади – унинг фарзандлари ва яқин қариндошлари мамлакатдаги нуфузли мансабларни эгаллайди ва катта бойликка эгалик қилади. Шу билан бирга Раҳмоннинг тарафдорлари у фуқоролар урушига барҳам берганини, мамлакатни коммуникацион боши берк кўчадан олиб чиққанини, йирик лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилганини ва аҳолини электроэнергия билан таъминлашга оид муаммони ҳал қилганини айтишади.

XS
SM
MD
LG