Ссылки доступа

Сўх муаммоларини ёритган 22 яшар блогер 10 кунга ҳибс қилинди


Youtube тармоғида 800 мингдан ортиқ обуначиси бўлган сўхлик видеоблогер Дадахон Ҳайдаров 10 кунга ҳибс қилинди.

Фарғона вилоят, Сўх туманида яшайдиган таниқли блогернинг отаси, 50 яшар Шерали Ҳайдаровнинг айтишича, у шу кунга қадар ўғлини кўрмаган ва унинг аҳволидан жиддий хавотирда:

“Жиноят иши қўзғатилганми-йўқми, билмаймиз. Ўғлим давлат берган адвокатни танлаган экан, у адвокатдан қайта-қайта сўрадим: “Аҳволини сўранг, баданларини кўринг, уришганми-йўми”, деб. Адвокати уришмаган, лекин ўғлингиз йиғлаяпти, деди. Маълумотларни ҳам очиқ айтмаяпти, шунга хавотирдаман, рости. 22 яшар ёш бола, нима аҳволга тушди, билмайман”.

Шерали Ҳайдаровнинг айтишича, ўғлининг ушланиши ва ҳибсга олиниши бўйича унга ҳануз бирор ҳужжат берилмаган, ҳатто кўрсатилмаган.

Отаси 22 август куни Дадахонни ҳибсга олиш учун борган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳам фуқаролик кийимида бўлгани, ҳибсга олиш ҳақида санкция тақдим қилмаганини айтмоқда:

“Маҳалла раиси ўринбосари келиб, эшигимизни тақиллатди. Чиқсам, ёнида участковой ва гражданкадаги бир неча киши турибди, адашмасам Фарғона вилоят ИИБ Жиноят қидирув бўлимидан. “Ўғлингиз блогер экан, қилаётган ишларининг қайси бир тўғри, қайси бири нотўғри экани ҳақида тушунтириш бериб, қўйиб юборамиз”, деб туман ИИБга олиб кетишди. Ҳужжат кўрсатишмади. Шу бўйича ўғлим билан қайтиб кўришолмадим. Адвокати кеча (25 август – таҳр.) 10 кунга ҳибс қилинди, деб айтди, лекин кўп маълумот бермаяпти бизга. Прокуратура айтган 6 кишининг ичида ўғлим ҳам борми ёки унга ҳали иш очилмадими - билолмаяпмиз”.

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг 25 августда маълум қилишича, шу йилнинг 31 майида чегарада чиққан тўқнашувда иштирок этган 6 сўхликка нисбатан ЖКнинг 219 ва 244-моддалари билан айблов эълон қилиниб, “қамоққа олиш” тарзида эҳтиёт чораси қўлланган.

Аммо, ўша кезда туманнинг Равон, Мулғон, Қизилқия қишлоқларидан боғланган 10 га яқин сўхлик, 3 кун ичида тумандаги бир неча қишлоқдан жами 12 сўхлик ҳибсга олинди, деб хабар қилган.

26 август куни гаплашган бир неча сўхлик, ҳибсга олинганлар сони 41 кишига етди, деди. Аммо, бу маълумот ҳозирча расман тасдиқлангани йўқ.

Youtube тармоғида 800 мингдан ортиқ обуначи йиққан Дадахон Ҳайдаров, бу низолар ортидан туманга бориб, норози сўхликлар билан юзма-юз учрашган Бош вазир Абдулла Арипов олдида сўзга чиққанди.

Ўша учрашувда Ҳайдаров, ўзи яшаб турган Сўх тумани муаммоларини ёритишида маҳаллий раҳбарлар тўсқинлик қилишини айтган, туман муаммоларини Тошкентга етказишда А. Ариповдан ёрдам сўраган эди.

Шунингдек, у туман раҳбарлари ҳамда Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевни алмаштиришни сўраган эди:

“Сўх туманида ягона мен блогер бўлиб ишлайман. YouTube тармоғида ўзимнинг аудиториям бор. Қачонки, Сўх муаммосини Интернетга чиқарадиган бўлсам, мана шу ўзимизнинг ҳокимиятдагилар: “Чиқарма, ўзингнинг бошингга бало бўлади!” дейшади. Сиздан илтимос, Сўх туманида шундай ташкилот яратингки, бу ерни муаммоларини тўғридан-тўғри Тошкентга етказсин! Бизга Фарғона ҳокимияти керак эмас! Сўхни туманигаям янги ходимларни жойлаштиринг, илтимос! Керак бўлса, Фарғона вилоят ҳокимини ҳам алмаштиринг!” .

Унинг бу гапларини учрашув жойига йиғилган юзлаб одам ҳайқириқлар билан қувватлаган.

Ўша кезда блогер Сўх анклавини нафақат Фарғона вилояти, балки туманнинг бошқа қишлоқлари билан улайдиган йўллар ҳам ёпилиб кетгани, Сўхни Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлари билан боғловчи йўлларгина эмас, телефон алоқаси ҳам йўқлигини айтганди.

Ўз навбатида, бу муаммоларнинг борлигини эътироф этган Абдулла Арипов блогер Дадахон Ҳайдаров тилга олган муаммоларни тез орада ҳал қилиб беришни ваъда қилганди.

Шу йилнинг 31 май куни Фарғона вилоят, Сўх туман, Чашма қишлоғининг Қирғизистоннинг Боткен вилоят, Кадамжай туман, Чечме айили билан чегарадош ҳудудида жойлашган Чашма булоғи бўйида икки давлат фуқаролари ўртасида оммавий жанжал содир бўлган.

Икки томондан қарийб минг киши қатнашган, жараёнда Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев тошбўрон қилингани акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалган.

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг 25 август куни маълум қилишича, ушбу низо бўйича шу йилнинг 1 июнь куни жиноят иши очилган, 22 августдаги ҳибслар ана шу иш тергови доирасида амалга оширилган.

Хавфсизлик нуқтаи назаридан исмини ошкор этмасликни сўраган сўхликлар, ҳибсга олинганларнинг барчаси ўша тўқнашувда қатнашган тумандошлари эканини айтмоқда.

XS
SM
MD
LG