Ссылки доступа

Назарбоевга янги мақом – ядро синовларидан эркин дунё Чемпиони берилди


Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ядро синовларидан эркин дунё Чемпиони мақомига сазовор бўлди.

Бу ҳақда 26 август куни Ядро синовларига қарши ҳаракатлар Ҳалқаро куни муносабати билан ташкил қилинган БМТ Бош Ассамблеясининг Махсус сессиясида эълон қилинди. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазирлигининг матбуот хизматига таянилган ҳолда хабар тарқатилди.

Назарбоевга янги мақом бериш таклифи “унинг раҳбарлигида ядросиз дунё барпо этиш йўлида Қозоғистоннинг тарихий ҳиссаси тан олиниши белгиси сифатида” Ядро Синовларини тақиқлаш бўйича кенг қамровли Шартнома Ташкилотининг ижроия котиби Лассина Зербо томонилан илгари сурилди.

"1991 йил 29 августда Елбасининг жаҳондаги энг йирик Семипалатинск ядро полигонини ёпиш тўғрисидаги қарори инсоният тарихида ядро синовларини юридик жиҳатдан тақиқлашнинг тан олиниши билан бирга Халқаро кун таъсис этилишига ҳам сабаб бўлди", – дейилади муссаса хабарида.

Июл ойи бошида Нур-Султонда Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг монументи очилган эди. Мамлакатнинг амалдаги раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Назарбоевни замонавий Қозоғистон асосчиси, мамлакат “тараққиётининг стратегик йўлини белгилаб берган” ва “халқни жипслаштирган” арбоб дея таърифлаган эди.

Назарбоев шарафига Қозоғистн пойтахти Остона қайта номланиб, эндиликда Нур-Султон дея аталмоқда. Хукумат шунингдек, пойтахтдаги халқаро аэропортни Нур-Султон дея қайта номлади ва вилоят марказлари: Павладар, Қарағанда, Оқтау, Чимкент, Петропавловск, Отирау, Уралск ва Уст-Каменогорскдаги кўчаларни сиёсатчининг номи билан атади. Аввалроқ, собиқ президент номи Олмаотадаги марказий кўчалардан бирига берилган эди. Қозоғистонда Назарбоевга ҳайкаллар ўрнатилган, унинг портрети йирик купюраларда пайдо бўлган.

2019 йил сентябрида "Роскосмос" ўрта ва оғир тоифадаги "Союз-6" ва "Союз-5" элтувчи ракетларини учиришга мўлжаллаган Бойқўнғирда қурилаётган Россиянинг ракета-фазо мажмуасига Назарбоевнинг номини берди.

XS
SM
MD
LG