Ссылки доступа

Тожик хонандаси Баҳром Ғафурий ҳалок бўлган ЙТҲ айбдорига нисбатан жиноий иш очилди


Ислом Анварзода
Ислом Анварзода

Душанбе шаҳар прокуратураси пойтахтдаги Фирдавсий туман прокурорининг собиқ ўринбосари Ислом Анварзодага нисбатан жиноий иш қўзғади – у таниқли тожик хонандаси Баҳром Ғафурий ҳалок бўлган ЙТҲнинг эҳтимолий айбдори сифатида кўрилмоқда.

Фожеа 7 август куни Душанбе шаҳридаги Рудакий проспектида тахминан эрталабки 4.00ларда юз берди. .

Аввалроқ Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Ислом Анварзодага тегишли Land Cruiser 200 русумидаги машина пойтахтдагиПедагогика университети яқинида “КамАЗ” автомашинаси билан тўқнашиб кетгани ҳақида хабар берган эди. Ҳодиса оқибатида тожик эстрадасининг таниқли юлдузи Баҳром Ғафурий ҳалок бўлди. Ҳайдовчи Ислом Анварзода ва иккинчи йўловчи Темирмалик туманининг Қанғурт қишлоғида яшовчи 34-ёшли Баҳодур Зарипов оғир жароҳат олди ва шифохонага ётқизилди.

Назорат идорасидаги Радио Озоди манбаларининг 27 август куни маълум қилишларича, Ислом Анварзодага нисбатан Тожикистон Республикаси Жиноят Кодексининг 212 моддаси 4 банди (Йўл ҳаракати қоидалари ва транспорт воситаси эксплуатациясини бузиш) бўйича жиноий иш очилди. ЖКнинг мазкур моддасига кўра «Маст ҳолда содир этилган қилмиш…, эҳтиётсизлик оқибатида инсон ҳалок бўлишига ёки инсон саломатлигига оғир зарар етказса, айбдор шахс беш йилдан ўн йилгача маълум мансабларни бажармаслик ёки ўн йилгача маълум фаолият билан шуғулланмаслик шарти билан озодликдан маҳрум қилинади».

Шифокорларнинг сўзларига қараганда, ЙТҲдан кейин комага тушиб қолган Анвар Исломзода шу кунларда ўзига келди. «Карияи Боло» Миллий тиббиёт марказининг шифокорларидан бири ўз номини ошкор қилмаслик шарти билан бемор операциядан сўнг хусусий «Мадади Сино» клиникасига ўтказилганини айтди. Унинг сўзларига қараганда, ЙТҲ оқибатида Анварзоданинг чап қўли ва ўнг оёғи синган. «У жуда мураккаб операцияни ўтказди. Ҳозир унинг аҳволи барқарор, аммо тўла соғайиб кетиши учун вақт керак», дея қўшимча қилади суҳбатдош.

Авваллари тез-тез куч ишлатиш тузилмалари ходимлари ва юқори лавозимли амалдорларнинг фарзандлари ўлимга олиб келган ЙТҲ сабабчилари бўларди. Жамоатчилик томонидан кенг муҳокамаларга қарамай “олтин ёшлар”га нисбатан жиноий моддалар қўлланилмасди, уларнинг оталари эса юқори лавозимларда ишлашда давом этарди.

XS
SM
MD
LG