Ссылки доступа

Туркманистонда президент портретларини алмаштириш мавсуми бошланди


Туркменистан (архивное фото) 
Туркменистан (архивное фото) 

Туркманистонда президент Гурбангули Бердимухаммедов портретларини янгилаш бошланди. Бу гал президент портретларининг реставрация қилиниши соч калталиги ва орқа томондаги гилам рангининг ўзгариши билан боғлиқ.

Президент портретларининг ўзгартирилаётгани ҳақида 26 август куни Туркманистондаги Озодлик Радиоси мухбирлари ҳабар берди.

«Сентябр бошланишига қадар барча давлат тузилмаларида президент портретлари ўзгартирилади. Эндиликда портретдаги гилам ранги қизил бўлиши керак, ҳатто президент сочлари ҳам ўзгарди. Эндиликда унинг сочи қисқарди, соч ранги ҳам ўзгарди», - дея таъкидлайди мухбир.

Озодликнинг бошқа бир мухбири Мари вилоятида портретлар қандай ўзгартирилаётгани ҳақида хабар беради: «1 сентябрга қадар Мари вилоятидаги барча муассасаларда кабинетларда осилиқ турган президент портретлари тўлалигича алмаштирилиши керак. Янги портретда президент ортидаги аввал оқ рангли гилам эндиликда қизил бўлиши керак. Президент сочлари қисқарди, шу сабабли суратлар ҳам янгиланиши керак».

Унинг айтишича, дўконларнинг, жумладан канцелярия маҳсулотлари билан савдо қилувчи дўконларнинг беркитилгани боис одамлар президент портретларини минтақалардаги босмахоналардан сотиб олмоқда. Портретнинг ўртача нархи - 20 манат (МБ курси бўйича $5,7). Кўчалардаги портретлар ҳам аста-секинлик билан ўзгартирилмоқда.

Туркманистонда президент портретлари барча корхона ва муассасаларда, шунингдек жамоат жойларида бор. Портретлар мунтазам, жумладан президентнинг ташқи кўриниши ўзгариши туфайли ҳам алмаштириб турилади.

Мамлакатдаги муассасалар президентнинг янги портретларини сотиб олиши ва хоналарга осиб қўйишга мажбур. Президентнинг портретларини сотиб олиб, эскисини алмаштириш муассаса ходимлари ҳисобидан, ўрта мактабларда эса ўқувчилар ҳисобидан амалга оширилади.

Президент Гурбангули Бердимухаммедовнинг ташқи кўриниши сўнги икки йилда ўзгарди. 2018 йил августида Бердимухаммедовнинг сочлари бирданига оқариб кетди. Шу сабабли 2019 йил январида давлат тузилмалари, мактаблар, болалар боғчалари ва университетларга президент портретларини алмаштириш юзасидан кўрсатма берилди.

Сўнги бор давлат корхоналари президент портретларини шу йилнинг январида алмаштирган эди. Шундан сўнг, август ойи бошларида, президент Бердимухаммедов қисқа соч билан давлат телевидениясида чиқиш қилди, газета ва журналларда сурати босилди. Энди эса, сентябр бошланишига қадар барча муассасалар президент портретларини янгилаши керак.

XS
SM
MD
LG