Ссылки доступа

Президент 113 маҳкумни афв этди. Озодликка чиққанлар орасида "диний" ва "сиёсий" 4 маҳкум бор


Ўзбекистонда диний ва сиёсий мотивлар билан айбланиб, озодликдан маҳрум этилган 4 маҳкум 27 август куни бирин-кетин озодликка чиқарилди. Озод қилинган бу тўрт маҳкум президент Шавкат Мирзиёев 27 августда имзолаган фармонга билан афв этилган 113 маҳбусдан бир гуруҳидир.

“Ваҳҳобийлик" оқимининг Ўзбекистондаги етакчиларидан бири сифатида айбланган тошкентлик собиқ имом Руҳиддин Фахриддинов, "Салафийлик" оқимининг Ўзбекистондаги етакчиларидан бири сифатида айбланган Искандар Худойберганов, Конституциявий тузумга тажовузда айбланган навоийшунос олим Акром Малик, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд-тиббий экспертиза маркази собиқ ходими Рустам Абдуманноповлар муддатидан аввал озод қилинди.

Бир кунда кетма-кет қамоқдан чиқарилган маҳкумларнинг яқинлари ва ҳимоячилари, уларнинг озод этилиши ҳақида 26 август куни Жазони ижро этиш бош бошқармасидан хабар олишганини айтмоқда.

Рустам Абдуманноповнинг ҳуқуқий ҳимояси билан шуғулланиб келган “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти етакчиси Абдураҳмон Ташановга кўра, унга 26 август оқшомида хабар берилган.

Инсон ҳуқуқлари фаолининг айтишича, Ўзбекистон ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси президентнинг авф қарорига мувофиқ маҳкум муддатидан аввал озод қилиниши ҳақида 26 август куни расман маълум қилган.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд-тиббий экспертиза маркази собиқ ходими бўлган Рустам Абдуманнопов конституциявий тузумга тажовуз ва жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материалларни тарқатишда айбланиб, 2017 йилда 9 йилга қамалган эди.

Ҳуқуқ фаоли 27 август куни эрталаб, Абдуманнопов сақланган Тошкент вилоят, Пскент туманидаги 64/50-сонли муассасага борганида, у ерда маҳаллий журналистларни учратганини айтди:

“Ўзбекистон-24” телеканалидан мухбирлар бор экан. Улар 27 август оқшомида эфирга узатиладиган махсус кўрсатув учун 4 маҳкум ва уларнинг яқинларидан интервьюлар олишди. Колония маъмуриятининг таъкидича, озод қилинаётган маҳкумлар, жумладан, Рустам ҳам президент афвига биноан озод қилинган”.

Шунингдек, 27 август куни қамоқда 15 йил жазо ўтаган Руҳиддин Фахриддинов ҳам озод этилди. Яқинлари унинг қамоқдан чиқиш жараёнини давлат телеканаллари журналистлари тўлиқ тасвирга олганини хабар қилди.

Яқинларига кўра, Фахриддинов 27 август куни эрталаб жазо муддати тугашидан 2 йилу 3 ой олдин озодликка чиқарилган.

"Қамоқ муддати 17 йил эди, 2 йилу 3 ой олдин чиқаришди. Афв билан чиқдилар, президентга афв сўраб, ёздириб олишган эди", деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Фахриддиновнинг яқинларидан бири.

27 август куни озод қилинган яна икки маҳбус: "Салафийлик" оқими етакчиларидан бири сифатида айбланган Искандар Худойберганов ҳамда конституциявий тузумига тажовузда айбланган навоийшунос олим Акром Малик ҳам озодликка чиқарилди.

Акром Малик муддатидан 2 йил олдин, Искандар Худойберганов эса 5 йил олдин озод қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 27 август кунги фармони билан жами 113 маҳбус афв этилди.

Расмий хабарга кўра, президент Мустақилликнинг 29 йиллиги арафасида “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонни имзолаган.

Афв этилган шахсларнинг 5 нафари асосий жазодан озод этилган, 53 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган, 15 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилган.

Шунингдек, 40 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилган.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов узоқ йиллардан буён қамоқда сақланиб келган бу маҳбусларнинг бир кунда кетма-кет озод этилиши қувонарли ҳол, деди:

“Билишимча, Руҳиддин Фахриддинов, Акром Малик, Рустам Абдуманнопов ва Искандар Худойбергановларнинг озод қилинишида Президент афвии қўлланилган. Улар ойлик маошларидан 20 фоиз ушлаб қолиш шарти билан озод қилинишган. Рустам Абдуманноповнинг озод қилиниши жараёнида кўплаб маҳкумларнинг озодликка чиқарилаётганига гувоҳ бўлдим. Дўстларимизнинг озод қилиниши жуда қувонарли ҳолдир” .

XS
SM
MD
LG