Ссылки доступа

Ўзбекистон – Қирғизистон ўртасида бир томонлама фақат “Дўстлик” чегараси очилади


Қирғизистон ҳукумати 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон фуқароларига мамлакат ичкарисига ҳеч қандай чекловларсиз киришига рухсат берди. Айни пайтда ҳозирча қирғизистонликлар Ўзбекистонга ўта олмайди.

Қирғизистон Чегара хизмати расмийси Гулмира Бўрубаеванинг билдиришича, Ўзбекистон COVID-19 тарқалиши билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарорлашган давлатлар рўйхатига киритилгани сабабли чегарани очиш ҳақида қарор қилинган.

Гулмира Бўрубаеванинг айтишича, 1 сентябрдан бошлаб ҳозирча икки давлат ўртасидаги фақат “Дўстлик” чегара назорат-ўтказиш пункти очилади. Бошқа чегара пунктлари ёки авиақатновлар ҳозирча очилмайди.

- Хаттоки, масалан Қозоғистон ёки Тожикистон ҳудудида бўлган Ўзбекистон фуқаролари ҳам Қирғизистонга кира олиши мумкин. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, улар Москвадан учиб келадими ёки Сингапурдан келадими бу муҳим эмас, Ўзбекистон фуқаролари Қирғизистонга кириши мумкин. Аввал - 1 сентябрга қадар, Ўзбекистон фуқаролари бизнинг ҳудудимизга кира олишмаган, - дейди Бўрубаева.

Гулмира Бўрубаевадан Дўстлик орқали қирғизистонликлар ҳам Ўзбекистонга ўта оладими деб сўрадик:

- Ўзбекистон томонидан хали ҳам фуқаролар киришига чеклов бор. Шунинг учун ҳозирча йўқ. Ҳозирча улар чекловларни олиш ёки олмаслиги номаълум. Улар чекловларни олганидан сўнг фуқароларимиз Ўзбекистонга ўта олади, - деди Чегара хизмати расмийси.

Гулмира Бўрубаевага кўра, айни пайтда Қирғизистон ва Қозоғистон ўртасидаги чегарада ҳам шундай вазият юзага келган:

-Қозоғистон фуқаролари Қирғизистон ҳудудига бемалол киришлари мумкин. Қирғизистонликлар эса, баъзи ҳолатларда, яъни жанозага ёки даволанишга кетаётган бўлса, шунда ҳам тегишли ҳужжатларини кўрсатиб Қозоғистонга ўтиши мумкин. Қолганлар эса чегарадан ўтолмайди. Ўзбекистон билан ҳам ҳудди шундай вазият.

Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор шу йилнинг 15 мартида аниқланиши ортидан расмий Тошкент қўшни давлатлар билан чегарани 16 мартдан бошлаб ёпган эди. Бунинг оқибатида Қирғизистонда қолиб кетган кўплаб ўзбекистонликлар уйларига қайта олмай қолганди. Озодлик радиоси улар ҳақида ўз вақтида хабар берган эди.

Айни пайтда "Бошқа давлатлардан Қирғизистонга келиб, ватанига қайтмоқчи бўлган ўзбекистонликлар Ўзбекистонга киритиладими?" - деган савол мавҳум бўлиб қолмоқда.

Қирғизистон Чегара хизмати расмийси Гулмира Бўрубаева бу саволга: "Қирғизистон томони ўзбекистонликларни ўз ватанига ўтиши учун ҳеч қандай тўсқинлик қилмайди. Ўзбекистон ватандошларини чегарадан ўткизадими ёки йўқми, бу бизнинг ваколатимизга кирмайди. Бу масалани Ўзбекистон томони мустақил ҳал қилади",-деб жавоб берди.

Ўзбекистон Чегара масъулларидан бу саволга жавоб олишнинг имконияти бўлмади. Ўзбекистон томони ҳозирча Қирғизистоннинг бу билдирувига муносабат билдирмади.

Бугунги кунда Қирғизистон 31 давлат фуқаролари учун ўз чегараларини очди. Булар: Россия, Грузия, Озарбайжон, Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Туркманистон, Бельгия, Австрия, Буюк Британия, Германия, Ирландия, Исландия, Италия, Латвия, Литва, Лихтенштейн, Люксембург, Португалия, Туркия, Швейцария, Швеция, Қатар, БАА, ХХР, Малайзия, Жанубий Корея, Покистон, Словения, Кувайт, Япония.

XS
SM
MD
LG