Ссылки доступа

Ўз жонига қасд қилишга уринган Тожикистон транспорт вазири Худоёрзода мансабидан бўшатилди


Худоёр Худоёрзода

Тожикистон транспорт вазири Худоёр Худоёрзода эгаллаб турган лавозимидан бўшатилди. ТР президентинингг 31 август кунги фармонида таъкидланишича, амалдор пенсияга чиқиши муносабати билан мансабидан озод қилинди.

Давлат раҳбарининг бошқа бир фармонига кўра, янги транспорт вазири этиб бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Азим Иброҳим тайинланди.

62-ёшли Худоёр Худоёрзоданинг номи 11 август куни ОАВнинг биринчи саҳифаларида пайдо бўлди, бунга қўлини кесишга урингани сабаб бўлди. Тожикистон Бош прокуратураси 11 август куни Худоёр Худоёрзода «Душанбедаги яшаш жойида оилавий мажаро туфайли хўжалик пичоғидан фойдаланган ҳолда ўз жонига қасд қилишга урингани» борасида хабар берди. Унинг ҳаёти сақлаб қолинди ва «Истиқлол» клиникасига ётқизилди.

Радио Озоди билан 19 август кунги телефон суҳбатида Худоёрзода юз берган ҳодиса бўйича изоҳ бермади, фақат шифохонадан қачон чиқишини билмаслигини айтди, холос.

Худоёр Худоёрзода транспорт вазирлигини 2017 йилдан бери бошқариб келади. Аввалроқ у Тоғли Бадахшон мухтор вилояти мажлиси депутати, Тожикистон парламенти юқори палатаси - Мажлиси Милли аъзоси, ТБМВ Рушан туман раиси бўлиб ишлаган.

Тожикистон янги транспорт вазири Азим Иброҳим 58 ёшда. Аввал у Геология Бош бошқармасини бошқарган ва пойтахтдаги Сино тумани раиси бўлган. У шунингдек, бош вазир ўринбосари ва тожик-қирғиз хукуматлараро комиссия раҳбари бўлган. Ҳозирча унинг мансаб жиҳатдан пасайтирилгани номаълум.

XS
SM
MD
LG