Ссылки доступа

Наманган ҳокимининг битта қарори билан минглаб дамасчи ишсиз ва даромадсиз қолмоқда (видео)


Наманганлик “Дамас” ҳайдовчилари¸ Ўзбекистон миқëсида жамоат транспорти ҳаракати учун жорий этилган чеклов олиб ташланганига қарамай¸ бу вилоятда “Дамас”лар юриши тақиқланганини билдирди.

Наманганлик “Дамас” ҳайдовчилари март ойидан бери ўрнатилган карантин туфайли кейинги 5 ой давомида ишламагани¸ ҳокимнинг бирор изoҳсиз қўйган бундай тақиқи оқибатида 10 мингга яқин одам ишсиз қолаëтганини билдирди.

8 август кунги янги тақиқни бекор қилишни сўраб Наманган вилоят ҳокимлиги эшиги олидида бир ярим соатдан кўпроқ кутган “Дамас” ҳайдовчилари ўзларини ҳеч ким қабул қилмагани ортидан¸ Ўзбекистон “мутасаддилари”га видеомурожаат қилди.

Уйчи-Чорсу йўналишида йўловчи ташиш билан шуғулланиб келганини айтган 20 га яқин ҳайдовчи¸ GM Uzbekitan салонларидан 50-60 миллион сўмга олинган “Дамас” машиналарининг юриши тақиқлангани¸ кўчага чиққан “Дамас”ларнинг миллионлаб сўмлик жаримага тортилаëтганига эътироз билдиради.

Ҳайдовчилар коронавирусга қарши чора-тадбирлар баҳонасида “Дамас”га тақиқ ўрнатилган бир пайтда¸ автобус ва микроавтобуслар қатновига рухсат берилганида ҳеч бир мантиқ кўрмаëтганини айтади.

“Автобусларда 50-60 одам ташиш мумкин, “Дамас”да мумкинмас. Микроавтобус, 14 та белгиланган, лекин 18 тагача ташиш мумкин экан. Бизга мумкинмас, ушлаб, 4,5 миллион штраф солди СЭС ходими. Қўлимизда лицензия турипти, қайга боришимиз керак? Карантиндаги лицензияга куйиб кетдик, бунга қайга борайлик? Нима тирикчилик килишимиз керак ҳозир? Унда бизга иш топиб берсин 3 миллиондан.Ишга бораверамиз, хамма «Дамас»ини уйига тортиб қўяверади. Ўриснинг ҳожатхонасини тозалаб 10 йилда топганмиз шу «Дамас»нинг пулини. Нима қилинади энди бу «Дамас»лар?"¸ дейди видеомурожаатда наманганлик ҳайдовчилар.

Ҳайдовчилардан бири¸ 27 август кунги бу видео маҳаллий Телеграм каналларида тарқатилганига қарамай¸ вилоят ҳокимлиги унга мутлақ эътибор бермаганини таъкидлади.

Аксинча¸ Озодлик гаплашган наманганлик ҳайдовчиларга кўра¸ айни кунларда бутун вилоят миқëсида “Дамас” ови бормоқда ва йўл ҳаракати инспекторлари ва СЭС ходимлари кўчада юрган “Дамас” ҳайдовчиларига БҲМнинг (базавий ҳисоблаш миқдори - 228 000 сўм) 10-15 бараварида жарима солмоқда.

Наманган туманларидан бирида ҳайдовчиларга “Дамас” машинасида йўловчи ташишга трухсат берувчи лизенция олиб бериш билан шуғулланиб келган тадбиркорлардан бири¸ бундай тақиқ оқибатида биргина ўзи яшаëтган туманда мингга яқин одамнинг ишсиз қолганини билдирди.

“Норин туманида шунақа лицензия олиб бериш билан шуғулланадиган 10 тача уюшма бор. Уларнинг ҳар бирида 70-80 тадан “Дамас”чи ҳайдовчи бор. Ҳисобласак¸битта районда камида 800 та ҳайдовчи ишсиз қолди. Битта “Дамас” ҳайдовчи камида 5 та жонни боқади¸ деганимизда¸ бу тақиқ сабаб тахминан 4000 одам оч қолади. Агар бу рақамни бутун вилоят миқëсида ҳисобласак¸ камида 7000-8000 ҳайдовчи ишсиз¸ 35-40 мингга яқин одам тирикчилик манбаисиз қолди”¸ дейди шахси очиқланишини истамаган “Дамас” ҳайдовчилари уюшмаси вакили.

Наманганлик “Дамас” ҳайдовчилари ва уларга лицензия олиб бериш билан шуғулланувчи МЧЖ вакилларига кўра¸ Транспорт вазирлигининг Наманган вилоят бошқармаси “ҳоким буйруғи асосида” “Дамас”ларга лизенция бериш тўхтатилганини айтишдан нарига ўтмаяпти.

Наманган вилояти мулозимлари хавфсизлик талабларига мос келмаслиги иддаоси билан “Дамас” да йўловчи ташишни тақиқлашга бундан олдин ҳам бир неча марта ҳаракат қилган.

Хусусан¸ 2017 йили “Дамас” машинасида йўловчи ташиганларга қарши кескин жарима қўлланилган ва Наманган шаҳрида уларнинг қатнови тақиқланган эди.

“Давр талабларига мослашиш лозим. “Дамас”да йуловчи ташиш тақиқландими, энди айниқса Наманган шаҳрида йўл қўйилмайди. “Дамас”ларни ўрнига микроавтобус ëки автобус олиш чорасини кўриш зарур. Хар хил баҳоналар қидирмасдан, ҳаракат қилса вариантлар кўп, фақат хоҳиш ва ҳаракат зарур”¸ деб изоҳлаган эди бу тақиқни ўтганда вилоят Транспорт бошқармаси раҳбари маҳаллий нашрга.

"Дамас"да йўловчи ташишга нисбатан эътирозларига жавобан наманганлик ҳайдовчилардан бири: "Унда нима учун GMнинг бунақа машина чиқариб¸ йўлда юритишга рухсат берилган? Хавфсизликка тўғри келмаса¸ нега бошқа вилоятларда "Дамас" тақиқланмаган? деган саволларни ўртага қўйди.

Ҳозирча бу саволларга мулозимлардан расмий жавоб берилган эмас.

XS
SM
MD
LG