Ссылки доступа

Қора танли аёл тарихда биринчи марта 2021 йилда Халқаро фазо станциясига парвоз қилади


Астронавт Жанетт Эппс 2021 йилда икки ҳамкасби билан Халқаро фазо станциясига парвоз қиладиган ва у ерда ишлайдиган биринчи қора танли аёл бўлади.

АҚШ Коинот агентлиги - НАСА Нью-Йоркда яшовчи 49 ёшли Жанетт Эппс 2021 йилда коинотга учирилиши ҳақида жорий ҳафта бошида маълум қилди.

Эппс 2000 йилда аэрокосмик техника бўйича доктор мақомига сазовор бўлган.

НАСА уни биринчи марта коинотга 2018 йилда учиришни режалаштирган эди. Бироқ белгиланган муддатга бир неча ой қолганида унинг ўрнига бошқа одам коинотга чиқиши маълум қилинган.

Ўшанда НАСА бундай қарор қандай сабабларга асосан қабул қилинганини очиқ айтамаган эди.

Эппс Халқаро фазо станциясига Boeing CST-100 Starliner кемасида парвоз қилади. Бу бортида одам бўлган Starliner кемасининг коинотга илк парвози бўлади.

АҚШда сўнгги йилларда астронавтлар бошқарадиган фазо кемаларини коинотга учириш лойиҳасига жиддий эътибор қаратилмоқда. NASA ўзининг Space Shuttle дастурини 2011 йилда тўхтатиб қўйган ва бу масалада Россияга қарам бўлиб қолганди.

Таниқли тадбиркор Илон Маск асос солган SpaceX ширкати жорий йилнинг 31 май куни коинотга Crew Dragon бошқариладиган ракетасини учириб, АҚШга коинотга астронавтларни олиб чиқиш имкониятини яратиб берди.

Тарихда илк бор астровнавтлар бошқарувидаги хусусий компания коинот кемаси Халқаро коинот станциясига туташди.

Херли ва Бенкен 2011 йилдан бери Америка тупроғидан фазога учган илк фазогирлардир.

Сўнгги тўққиз йил ичида Халқаро фазо станциясига фазогирлар фақат Россиянинг “Союз” ракеталари бортида чиқариб келинарди.

XS
SM
MD
LG