Ссылки доступа

ОТБ Ўзбекистондаги автойўллар реконструкцияси учун 274 млн доллар қарз беради


Осиё тараққиёт банки (ОТБ) 1 сентябрь куни Ўзбекистоннинг ғарбий қисмидаги автомагистрал йўлларнинг 240 километрини реконструкция қилиш учун 274,2 миллион АҚШ доллари миқдорида қарз маблағи ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда ОТБ матбуот хизмати маълум қилди.

Банкнинг транспорт бўйича катта мутахассиси Паван Каркига кўра, Ўзбекистон денгизга чиқиш имкониятига эга бўлмаган мамлакат сифатида минтақавий ўзаро боғланишни ўз транспорт сиёсатининг марказий унсурига айлантирган.

“Бу лойиҳа мамлакатнинг Европа билан Жанубий-шарқий Осиё ўртасида минтақавий транспорт ва логистик хаб ўлароқ потенциалини ривожлантиришга ёрдам беради”, деган Паван Карки.

Лойиҳа доирасида Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу магистралининг Қорақалпоғистондаги 240 километрли участкаси икки полосали цемент-бетон йўлга айлантирилади.

Йўл ҳаракати самарадорлиги ва хавфсизлигини ошириш учун лойиҳа Транспорт вазирлигига Тошкент-Наманган йўлининг 100 километрли участкасида интеллектуал транспорт тизимини ўрнатишга ёрдам беради. Мазкур йўл Ўзбекистондаги машина энг кўп юрадиган йўллардан бири бўлиб ҳисобланади. Тизим ҳаракат ва йўл шарт-шароитини реал вақт режимида кузатиб, табло ва веб-сайтларга маълумот ва огоҳлантирувларни етказиб туради.

Қайд этилишича, автойўллар тармоғи ҳаётий аҳамиятга эга бўлган Ўзбекистондаги автомобиль ва темир йўл транспорти инфратузилмасига 1,3 млрд АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритган.

XS
SM
MD
LG