Ссылки доступа

Яна бир сўхлик ўғлининг бошига қора халта кийдирилиб, Фарғонага олиб кетилганини иддао қилди


Яна бир сўхлик ўғлининг бошига қора халта кийдирилиб, Фарғонага олиб кетилганини иддао қилди

55 яшар Муллоҳусейн Аҳроровнинг айтишича, шу кунга қадар ўғлининг ҳибсга олиниши ва унга нисбатан айблов эълон қилинганига оид бирор ҳужжат кўрмаган.

“Мен ўша куни ишда эдим, оқшом келсам ўғилча йўқ. Ҳокимиятга борсам, ўғлингизни олиб кетишди, деб айтишди, қаерга ким олиб кетганини айтишмади. Шундан бери ўғлимни кўрмадим, у билан гаплашмадим. Қўлимга ҳужжат беришмади. Кўрганлар: “Бошига қора халта кийдириб, вертолётда олиб кетишди”, дейишяпти. Ўша куни болалар ИИБнинг девори устига чиқиб, ичкарида бошига халта кийидириб, орқа эшикдан олиб чиқиб кеташаётганини кўрган экан. Ҳозир Сўх халқи айтяпти шу гапни”, деди Аҳроров.

Унинг айтишича, 24 август куни Фарғона вилояти прокурори сўхликлар билан учрашган. Бу йиғинда 31 май куни ўзбек-қирғиз чегарасидаги “Чашма” булоғи устида чиққан низога алоқадорлар рўйхатида Фирдавс Аҳроровнинг исми борлиги айтилган.

“Лекин расман аниқ маълумот беришмади. Аслида ўғлим, жанжал пайтида у ерда бўлмаган. У фақат Бош вазир Арипов билан учрашувга борган, мен ҳам борганман. Ўша ерда у ҳам Ариповга муаммоларни гапирган, лекин бировга тош отгани, ургани йўқ – тўполон куни у Абдусаттор аканинг уйида ишда бўлган, буни у киши ҳам тасдиқлайди", деди Аҳроров.

Аҳроровга кўра, Фарғона вилояти прокурори 24 август кунги учрашувда қўлга олинганларга Жиноят кодексининг 219- (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 244-моддалари (оммавий тартибсизликлар) билан айблов эълон қилиниб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланганини айтган.

Айтилишича, 25 яшар Фирдавс Аҳроров қурувчилик қилади, ота, она ва акаси хаста бўлган оиланинг ягона боқувчисидир.

25 август куни Бош прокуратура шундай айблов эълон қилинган сўхликлар сони 6 нафар эканини билдирди, аммо исм-фамилияларини эълон қилмади.

Фирдавс Аҳроровнинг адвокати мижозига нисбатан айблов эълон қилинганини тасдиқлади, аммо бошқа маълумот бермади.

XS
SM
MD
LG