Ссылки доступа

Олий суд қароридан норозилар МСКдан “Қирғизистон” партиясини сайловолди пойгасидан четлаштиришни сўрамоқда


1 сентябр куни Олий суд томонидан “Қирғизистон” партияси иши бўйича қарор эълон қилинганидан сўнг норози фуқаролар Марказий сайлов комиссияси биносига қадар пиёда марш уюштирдилар.

Акциянинг айрим иштирокчилари Олий суд биноси олдида МСКнинг партия билан судлашиш борасидаги қарорини қўллаб-қувватладилар ва суднинг қарорини адолатсиз эканлигини айтишди. Улар орасида «Чон Казат» партияси вакиллари ҳам бор эди.

Фуқаролар МСК биноси олдида тўпландилар ва Марказий сайлов комиссиясини қўллаб-қувватловчи шиорларни айтиб бақиришди ҳамда “Қирғизистон” партиясининг сайловолди пойгасидан четлаштириш лозимлигини таъкидладилар. Уларнинг таъкидлашларича “МСК қарорини халқ қўллаб-қувватлайди”.

Олий суд Ҳайьати 1 сентябр куни Марказий сайлов ва референдумлар ўтказиш комиссиясининг Бишкек маъмурий суди томонидан “Қирғизистон” партияси иши бўйича чиқарган қарорига нисбатан кассацион шикоятини кўриб чиқди. Суд мажлиси якунида Бишкек маъмурий судининг қарори ўз кучида қолдирилди, МСК шикояти қаноатлантирилмади.

Бишкек маъмурий суди 27 август куни Қирғизистон” партиясининг МСКка нисбатан даъво аризасини кўриб чиқди, бунга МСКнинг партия ҳужжатларини қабул қилмагани сабаб бўлди. Судья Чолпон Досмамбетова томонидан қабул қилинган қарорда таъкидланишича, МСКнинг партия ҳужжатларини қайтариб бериши ноқонуний ҳисобланади, комиссия ҳужжатлани қабул қилиши керак. Марказий сайлов комиссияси бу қарорга рози бўлмади ва 29 август куни Олий судга кассацион шикоят берди.

24 август куни МСК партиялардан ҳужжатларни қабул қилишни тўхтатди. Комиссия маълумотига кўра, ҳужжатлар қабули соат 18.00да тугаган, жами 17та партия ҳужжат топширди. 25 август куни МСК аъзолари ўзларининг мажлисида “Қирғизистон” партиясига ҳужжатларни қайтариб бериш борасида қарор қабул қилди -партия ҳужжат топшириш тартибини бузгани айтилади.

Қарор учун ҳужжатларни қонунда кўзда тутилмаган субъект томонидан топширилиши асос бўлди. Бошқача айтганда, “Қирғизистон” партияси номидан ҳужжатларни ишончли вакил бўлмаган шахс топширган.

XS
SM
MD
LG