Ссылки доступа

«Сомон Эйр» Россиядан Тожикистонга 52 та чартер рейсини амалга оширади


«Сомон Эйр» авиакомпанияси 1 сентябрдан 15 сентябргача Россиядан Тожикистонга қўшимча 52та чартер рейсини амалга оширади. Рейслар тожик фуқароларини босқичма босқич ватанга қайтариш доирасида бажарилмоқда, дея хабар берди Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги.

Чартер рейслари Россия расмийлари билан келишилган ҳолда Москва, Екатеринбург, Қозон, Санкт-Петербург, Краснодар, Новосибирск, Иркутск ва Сочидан Душанбега амалга оширилади.

Тожикистон ТИВнинг таъкидлашича, ватанга қайтмоқчи бўлган юртдошлар COVID-19 йўқлиги борасидаги маълумотномага эга бўлишлари керак, полимераз занжир реакцияси (ПЗР) усулидаги тест Тожикистонга келишдан тўрт кун аввал олинган бўлиши лозим. 3 ёшгача бўлган болалар бу каби маълумотнома тақдим қилишдан озод этилади.

«Чартер рейсларида олиб чиқиладиган Тожикистон Республикасининг фуқоролари рўйхати Москвадаги элчихона ва Россиядаги Бош консулхоналарда фаолият юритадиган махсус комиссиялар томонидан тузилади. Шу билан бирга фуқароларнинг муҳтож қатламлари, биринчи навбатда беморларга, ёш болали аёлларга, кексаларга, шунингдек хизмат сафари билан Россияга келганларга” устиворлик берилади», дейилади 1 сентябр куни мамлакат ташқи сиёсий маҳкамаси томонидан тарқатилган хабарда.

Тожикистон март ойида коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида ҳаво қатновини тўхтатди. Шундан бери фуқароларни юртга қайтариш мақсадида фақат чартер рейслар амалга оширилади.

Тожикистонлик меҳнат мигрантларининг айтишларича, Россия расмийлари томонидан киритилган карантин чекловлари боис ишдан айрилдилар ва ўзга мамлакатда оғир аҳволда қолиб кетишди. Минглаб кишилар ҳамон юртга қайтишни кутмоқда.

Шу билан бирга расмийларнинг айтишларича, Тожикистон ва Россия ўртасидаги авиақатновларни йўлга қўйиш фурсати яқин, бироқ мунтазам парвозлар қачон бошланиши аниқ эмас. Тожикистон Фуқаро авиацияси Агентлиги раҳбари Икром Субхонзода 27 июл куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Росавиация Душанбега икки мамлакат ўртасида халқаро парвозларни йўлга қўйишга тайёрлигини билдирганини маълум қилган эди. «Биз ҳам авиақатновлар тикланишига тайёрлигимизни билдирдик, шу билан бирга тожик авиакомпаниялари парвозларни санитар талабларга амал қилган ҳолда бажаришини таъкидладик», деди Субхонзода.

XS
SM
MD
LG