Ссылки доступа

Қозоғистонда “тақиқланган ташкилотдаги иштироки учун” фаолларни ҳибсга олиш давом этмоқда


Олмаота Тергов суди Олмаота вилоятида истиқомат қилувчи Қайрат Клишевни суд томонидан «экстремистик ташкилот» дея тан олинган «Коше партияси»да иштироки бўйича иш доирасида икки ойга ҳибсга олди.

Бу ҳақда Азаттық радиосига адвокат Галим Нурпеисов маълум қилди, у 37 ёшли фаолнинг манфаатларини ҳимоя қилишга эришди.

— Ўтган куни Клишев Қорасой туманидаги вақтинча ушлаб туриш изоляторидан озод қилинган эди, у бу ерда [фуқаро фаоли] Дулат Агадилнинг юртида 24 июл ва 8 август кунлари ўтказилган маросимда иштирок этгани учун саккиз кун маъмурий ҳибсда ушлаб турилди. Ўша куннинг ўзида яна ушланди. Олмаота тергов суди санкциясига биноан у 405-модда 2-қисм (“экстремизм ёки терроризм айби бўйича суд қарори билан фаолияти тақиқланган ёки тарқатиб юборилган диний бирлашма ёки ташкилот фаолиятида иштирок этиш”) бўйича Олмаотадаги СИЗОга икки ой муддатга жойлаштирилди. Унга қадар мен унинг адвокати эмасдим. Суд менинг иштирокисиз бўлиб ўтди. Бугундан бошлаб мен унинг ҳимоясига ўтдим, — дея хабар берди Нурпеисов 1 сентябр куни.

Олмаота СИЗОси ходимлари Клишев ҳибсда эканлигини тасдиқлашди, аммо у муассасага 31 август куни эмас, балки 1 сентябр куни олиб келинганини таъкидлаб ўтдилар.

Бу сўнгги ҳафтадаги шу каби учинчи ҳодисадир. 23 август куни Олмаота тергов суди худди шу каби айб билан олмаоталик икки фаол Абай Бегимбетов ва Асхат Жексебаевларни икки ойга СИЗОга жўнатган эди. Уларга нисбатан иш ҳам “тақиқланган ташкилотда иштирок этиш” билан боғлиқ.

Клишев норозилик акцияларида иштироки учун шу йилнинг ўзида беш марта маъмурий ҳибсга олинди. 22 август куни у бир куннинг ўзида икки марта суд қилинди. Июл ойи бошларида Клишевга нисбатан янги маъмурий ҳибс қўлланилди, бу вақтда у аввалги жазони ўтаётган эди.

«Коше партиясы» жамоат ҳаракати май ойида Бош прокуратура тавсияси бўйича пойтахтдаги Есиль тумансуди қарорига кўра «экстремистик ташкилот» ва тузилма сифатида фаолияти тақиқланган эди. У шунингдек мамлакатда фаолияти тақиқланган “Қозоғистон Демократик танлови”(ҚДТ) ҳаракати билан ҳамкорлик қилганликда айбланди (ҚДТ хорижда истиқомат қилувчи собиқ банкир ва мухолифатдаги сиёсатчи Мухтар Аблязов томонидан ташкил этилган бўлиб, 2018 йил мартида суд томонидан «экстремистик» ташкилот дея эълон қилинган эди, бироқ ўтган йилги Европарламент резолюциясида ҚДТ “тинч мухолифат ҳаракати” сифатида тилга олинади). Суднинг «Коше партиясы»ни тақиқлаш борасидаги қарори, худди ҚДТни тақиқлаш қарори сингари эълон қилинмаган. Бу ташкилотлар тарафдорлари барча айбловларни сиёсийлаштирилганини айтишади.

XS
SM
MD
LG