Ссылки доступа

Ҳокимиятдан Сўхда йиғилган муаммоларга ечим сўраганлар нега қамалди?


Сўнгги 10 кун ичида Сўх туманида расман 7 киши, норасмий манбаларга кўра, 20 дан ортиқ одам ҳибсга олинди.

Бош прокуратура қўлга олинганларни шу йилнинг 31 майида Сўх туманида содир бўлган оммавий тартибсизлик ва вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев ҳамда бошқа мулозимларнинг тошбўрон қилинишига алоқадорликда айблаб, уларга нисбатан Жиноят Кодексидаги оғир моддалар билан айблов эълон қилди.

Яқинлари ва адвокатлари, бу айбловдан норози. Уларга кўра, қўлга олинганларнинг аксари ҳукуматдан муаммоларига ечим сўраган фаоллардир.

Айрим таҳлилчилар, тўлалигича Қирғизистон ичида жойлашган Сўх туманидаги бу низо ва унда Фарғона ҳокимининг калтакланишига ҳукумат қайсидир шаклда чора кўришга ҳақли¸ деган фикрда.

Шу йилнинг 31 май куни икки қшни давлат аҳолиси ўртасида оммавий жанжал содир бўлгани ортидан Фарғона вилояти Сўх туманига борган Бош вазир Абдулла Арипов можарога аралашиб қолган сўхликларга чора кўрилмаслигини айтган эди.

Воқеа жойига борганида сўхликлар томонидан тошбўрон қилинган Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев эса, низога аралашиб қолганларга чора кўрилмаслигини ваъда қилган эди.

Бу ваъдалардан уч ой ўтар-ўтмас¸ Сўхда қама-қама бошланди ва айнан шу воқеаларга "билиб-билмай аралашиб қолган" ëшлар ҳибсга олинди.

25 август куни Бош прокуратура тўқнашувга алоқадорликда айбланган 6 сўхликка нисбатан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди. Бу шахсларга нисбатан, Жиноят Кодексининг 219 (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 244-моддалари (оммавий тартибсизликлар) билан айб эълон қилиниб, уларга “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланди.

Шу кунда Тошкентда яшаётган сўхлик собиқ мулозим, “Чашма” булоғи устидаги жанжалга йиллардан бери ечим топмай келаëтган сув муаммоси сабаб бўлганини айтади.

Исми очиқланмаслигини сўраган собиқ мулозим фикрича, ҳибсга олинган сўхликлар қирғизлар билан чиққан жанжалдан сўнг Сўхга борган Бош вазир Абдулла Ариповдан шу ва бошқа сурункали муаммоларга ечим талаб қилганлардир.

Собиқ мулозим¸ Сўхдаги қама-қамаларни давлат ва президент вакили саналган Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг калтакланиши учун "ўч олиш" деб атаëтганлар баҳосида жон борлигини айтади.

Сўхда май ойида бўлган воқеалар ортидан ёш-ёш йигитларнинг ҳибсга олиниши ва уларга нисбатан давлат тузумига тажовуз ҳамда ҳокимият вакилига қарши зўрлик ишлатиш каби айбловлар эълон қилиниши тармоқларда ҳам муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Жумладан, блогер Телеграм тармоғидаги bakiroo​ канали Ўзбекистоннинг халқаро ҳуқуқ устуворлиги индексида паст ўринда қолаётгани сабабларидан бири - мансабдорларнинг ноқонуний ҳаракати учун жазоланмаслиги экани, Сўхдаги аҳвол эса бунинг яққол исботи эканини ëзди.

Президент Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 6 июлида Фарғонада вилоят ва туманлар ҳокимлари, жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтган йиғилишда Сўхдаги воқеалар ҳақида гапира туриб, туманда узоқ йиллардан бери ҳал бўлмай келаётган муаммолар йиғилганини тан олган эди.

Шу йилнинг 31 май куни Фарғона вилоят, Сўх туман, Чашма қишлоғининг Қирғизистоннинг Боткен вилоят, Кадамжай туман, Чечме айили билан чегарадош ҳудудида жойлашган Чашма булоғи бўйида икки давлат фуқаролари ўртасида оммавий жанжал содир бўлган.

Расмий баёнотга кўра, жанжалда икки тарафдан мингдан ошиқ одам, гувоҳларга кўра эса 4 мингга яқин одам қатнашган, томонлар бир-бирини тошбўрон қилган, бир неча уйга ўт қўйилган.

Ўзбекистон томони берган расмий маълумотга кўра, Сўх тумани шифохонасига ўқ еган ва жароҳатланган 187 ўзбекистонлик келтирилган, буларнинг 3 нафари ов милтиғидан яраланган.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотга кўра эса, жами 25 қирғизистонлик жароҳатланган, улардан 4 нафари оғир жароҳат билан шифохонага ётқизилган.

Чегарада бошланган даҳанаки можаронинг кейинчалик тўқнашувга айланиб кетишида маҳаллий раҳбарлар, хусусан, Фарғона ҳокимини айблаган норозилар Шуҳрат Ғаниев ва Сўх тумани собиқ ҳокимини тошбўрон қилган эди.

XS
SM
MD
LG