Ссылки доступа

Тожикистонда тақиқланган “24лар гуруҳи” Россияда аъзоларидан бири ҳибсга олинганини маълум қилди


Тожикистонда тақиқланган “24лар гуруҳи” Россияда тарафдорларидан бири ҳибсга олинганини маълум қилди: Шобуддин Бадалов 1 сентябр куни Нижний Новгородда ушланган ва номаълум томонга олиб кетилган.

“24лар гуруҳи” вакилларининг сўзларига қараганда,«ўзларини 5-ички ишлар бўлимининг ходими дея таништирган бир нечта киши уни ўзлари билан олиб кетди, Бадаловнинг қаердалиги номаълум».

“24лар гуруҳи” ўз баёнотида, Шобуддин Бадаловнинг ҳибсга олиниши унинг сиёсий фаолияти билан боғлиқ эканлигини ва бунга тожик расмийлари алоқадорлигини маълум қилди.

Тожикистон ва Россия расмий тузилмалари ҳозирча Бадаловнинг ушланиши юзасидан изоҳ бермади, ҳамда унинг ҳибсга олиниши нима билан боғлиқлигианиқ эмас.

Бу “24лар гурухи”нинг Россиядаги аъзоси Шобуддин Бадаловнинг иккинчи бор ҳибсга олинишидир. Шу йилнинг июн ойида президент Эмомали Раҳмоннинг Москвага ташрифи вақтида Шобуддин Бадалов ваРаҳматжон Муҳаммад пикет ўтказди. Россия ҳуқуқ тартибот идоралари Тожикистонда фаолияти тақиқланган “24лар гурухи”нинг икки аъзосини 15 кунга ҳибсга олди.

“24лар гуруҳи” 2012 йилда қувғиндаги бизнесмен Умарали Қувватов томонидан ташкил қилинган,2014- йилда ТР Олий суди томонидан экстремистик ташкилот дея тан олинди ва фаолияти тақиқланди. Бу гуруҳни қўллаб-қувватлашда айбланган ўнлаб одамлар ҳибсга олинди ва Тожикистон, Россия ва собиқ совет республикаларида қамоққа ташланди. Қувватов 2015 йили Истамбулда ўлдирилди.

XS
SM
MD
LG