Ссылки доступа

Қодировнинг 21 ёшли қизи Чеченистон маданият вазирининг ўринбосари бўлди


Айшат Кадырова

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг катта қизи 21 ёшли Айшат Чеченистон республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда Қодировнинг ўзи кеча телеграммда маълум қилди.

"У ёш бўлишига қарамай ўта мураккаб ва кенг қамровли, жумладан маданият соҳасидаги лойиҳаларга раҳбарлик қилишда катта тажрибага эга", - дея ёзди Чеченистон раҳбари.

2020 йил мартида Қодиров қизини «Чечен Республикасида хизматлари учун» медали билан тақдирлади. Таъкидланишича, унга медаль "маданият ва санъатни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси ва бенуқсон, виждонли меҳнати учун" берилди.

Айшат Қодирова 18 ёшидан бери Firdaws модалар уйини бошқаради. Модалар уйига онаси Медина Қодирова 2009 йилда асос солган.

2019 йилда "Открытые медиа"(“Очиқ медиа”) эълон қилган хабарда Грознийдаги ички либослар сотиладиган эротик "Lady A" бутик Айшатга тегишли бўлиши мумкинлиги айтилади. Дўкон Россиянинг айрим қонунларини бузган ҳолда ишлайди, яъни чек берилмайди, маҳсулотлар этикеткасиз сотилади ва ишончли юридик шахсга эга эмас.

Қодировнинг ўн нафар фарзанди - 4 ўғил ва 6 нафар қизи бор. ОАВ бир неча бор Қодировнинг кўплаб қариндошлари нуфузли давлат вазифаларида ишлаши ҳақида ёзган эди, аммо шу кунга қадар унинг бирорта ҳам фарзанди республика раҳбариятидаги лавозимларни эгалламаган эди. 2018 йилда "Би-би-си Рус хизмати" юзлаб нуфузли амалдорларнинг 30 фоизи Чеченистон раҳбарининг қариндошлари эканлигини ҳисоблаб чиққан эди.

2020 йил июлида АҚШ давлат департаменти Рамзан Қодировга нисбатан судсиз қатллар ва инсон ҳуқуқларининг бузилишлари боис янги санкцияларни жорий қилди. Санкциялар Чеченистон раҳбарининг рафиқаси Медина Қодирова ва унинг қизлари Айшат ва Карина (Хадижат)га ҳам таалуқли эди.

Санкцияларга кўра, уларнинг АҚШга кириш ва амалий мулоқотлар, шуниндек Қўшма Штатлардаги активларининг музлатилиши кўзда тутилган. Аввалроқ, Қодировга нисбатан иқтисодий санкциялар жорий қилинган эди.

Америка ташқи сиёсат маҳкамасининг қарорига изоҳ берган Қодиров, рафиқаси ва қизлари АҚШ ва Европадаги манфаатларидан, агар мавжуд бўлса, воз кечишга тайёрликларини айтган эди.

XS
SM
MD
LG