Ссылки доступа

Пентагон: Хитой Тожикистонга ўз ҳарбийларини жойлаштиришни режалаштирмоқда


Хитой Тожикистонни келажакда ўз ҳарбий базаларини жойлаштирадиган ҳудуд сифатида кўрмоқда, дейилади АҚШ Мудофаа вазирлигининг Конгресс аъзолари учун тақдим қиладиган йиллик маърузасида.

"ХХР Маянма, Таиланд, Сингапур, Индонезия, Покистон, Шри-Ланка, Бирлашган Араб Амирликлари, Кения, Сейшел ороллари, Танзания, Ангола ва Тожикистонни ўзининг ҳарбий-логистика объектларини жойлаштирадиган ҳудуд сифатида ўрганаётганга ўхшайди", – дейилади 200-саҳифалик маҳфий бўлмаган ҳужжат вариантида.

Айни дамда, собиқ совет республикаси бўлмиш Тожикистонда Россиянинг 201-ҳарбий базаси ва унинг 7 минга яқин ҳарбий хизматчиси бор.

Ҳисоботда таъкидланишича, Пекиннинг мақсадини америкалик экспертлар хорижда армия ва флоти инфратузилмаларини кенгайтириш ҳисобидан ХХРнинг жаҳоннинг нуфузли давлатига айланишига интилиши, дея ҳисоблайди. Шу билан бирга Хитой Қўшма Штатлар билан рақобатга киришганини айтишади.

Маърузада шунингдек, Пекин яқин 10 йилда ўзининг ядро қалпоқчалари заҳирасини икки баробар кўпайтиришни режалаштираётгани ҳам таъкидланади. Аммо, Хитой ташқи ишлар вазирлиги бу таҳминларни инкор қилар экан, Пентагоннинг хулосалари холис эмаслигини таъкидлади.

Ўтган йилнинг февралида Washington Post газетаси маҳаллий аҳоли сўзлари ва йўлдошдан олинган суратларга таянган ҳолда Тожикистоннинг Хитой билан чегарасидан бир неча километр узоқликдаги Тоғли Бадахшон Мухтор вилоятидаги Мурғаб туманида уч йилдан бери Хитойнинг маҳфий ҳарбий базаси мавжудлигини ёзган эди. XIX асрда бу туманда Россия империясининг шарафли казаклар пости бўларди, аммо маҳаллий аҳоли вакиллари Америка журналистлари билан суҳбатда, бугунги кунда мазкур туманда бир неча юз Хитой ҳарбийлари жойлаштирилганлигини таъкидладилар.

«Йўлдошдан олинган суратларда Тожикистондаги база кўринади, у иккита блокли бинодан ва бир нечта қазилган ҳандақ ва истеъҳкомлардан иборат. Қурилмалар мажмуаси Афғонистон билан чегара яқинида жойлашган, истеъҳкомдаги ҳарбийлар Афғонистондан Тожикистонга келувчи асосий йўлни назорат қилишларига имконият яратилган», - дейилади мақолада.

Washington Post журналистлари Мурғаб бозорида ҳарбий либосда бўлган хитойлик аскарларни суратга олишга муваффақ бўлдилар. Уларнинг либосидаги ҳарбий белгиларга кўра, аскарлар мансуб бўлган бўлинма қароргоҳи Шинжонда жойлашган.

Бироқ, ТБМВ раиси Ёдгор Файзов Бадахшон ҳудудида Хитой базаси мавжудлиги борасидаги маълумотларни инкор қилди. ТБМВ билан чегарада ХХР худудида атиги чегара пости жойлашган, дея баёнот берди минтақа раҳбари.

Афғонистон ҳудудидаги баланд тоғли Вахан йўлаги Тожикистон, Хитой ва Покистон билан чегарадош бўлиб, бу ерда 2012 йилдан бери Хитой Халқ қуролли полицияси ҳаракат қилади.

2018 йил ёзида Хитой Афғонистоннинг Хитой, Покистон ва Тожикистон билан чегарасидаги Бадахшон вилоятида терроризмга қарши кураш борасида Қобул билан ҳамкорлик доирасида биринчи ҳарбий-машқ базасини қура бошлади. Бу ҳақда ўзининг манбаларига таянган ҳолда South China Morning Post газетаси маълум қилди. Бу Афғонистон ҳудудидаги Хитойнинг биринчи стационар ҳарбий базаси бўлади, дея таъкидлади нашр. Аммо, бу маълумотни Қобул тасдиқламади.

Экспертларнинг айтишларича, Пекин нафақат “Шарқий Туркистон Ислом ҳаракати жангарилари, балки “Ислом Давлати” гуруҳи аъзолари ҳам Хитой ғарбидаги асосан мусулмонлар яшайдиган Шинжон Уйғур мухтор ўлкасига етиб олиш учун Афғонистондан трамплин сифатида фойдаланишидан хавфсирайди.

XS
SM
MD
LG