Ссылки доступа

Фарғона ҳокимини ишдан олишни сўраган сўхлик видеоблогер озод қилинди


Бош прокуратура Сўх туманидаги тартибсизликлар тўғрисидаги иш бўйича гумонланувчи сифатида қамоққа олинган видеоблогер Ҳайдаржон Бобоҳайдаровнинг (Дадахон Ҳайдаров) озод қилингани ҳақида хабар берди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт Шамсутдиновга таянган ҳолда маҳаллий нашрлар хабар қилди.

Блогер Сўхдаги воқеалар бўйича қўзғатилган жиноят иши доирасида гумон қилинувчи сифатида 22 август куни қўлга олинган.

Фарғона вилоят, Сўх туманида яшайдиган таниқли блогернинг отаси, 50 яшар Шерали Эралиев ўғлининг ушланиши ва ҳибсга олиниши бўйича унга ҳануз бирор ҳужжат берилмагани, ҳатто кўрсатилмаганини айтганди. Отаси ўғли билан бир кез гаплашгани, ўшанда ўғли бошига қора халта кийдириб, вертолётда Фарғонага олиб кетишганини айтган.

Бош прокуратура 25 август куни, 31 майда сўхликлар ва қўшни Қирғизистон фуқаролари ўртасида "Чашма" булоғи устида чиққан тўқнашувга алоқадорликда айбланган 6 сўхликка нисбатан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилганди.

Бу шахсларга нисбатан, 1 июнь куни қўзғатилган жиноят иши доирасида, ЖКнинг 219 (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 244-моддалари (оммавий тартибсизликлар) билан айб эълон қилиниб, уларга “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Бош прокуратуранинг аниқлик киритишича, 22 ёшли Ҳайдаржон Бобоҳайдаров ҳамда 28 ёшли Дилмурод Маҳбубов ишга гумондор сифатида жалб қилинган.

Ҳаёт Шамсутдинов уларни ҳибсга олиш вақти 23 августдан ҳисобланишини қўшимча қилди. Дадахон Ҳайдаров ушлаб туриш учун етарли асос бўлмагани учун озод қилинган.

Расмий баёнотда тасдиқланишича, блогер Сўхдаги воқеалар бўйича қўзғатилган жиноят иши доирасида гумон қилинувчи сифатида, ЖПКнинг 226-моддасига биноан қўлга олинган. Бу моддада 10 кунлик ҳибс назарда тутилган.

Шу йилнинг 31 май куни Фарғона вилоят, Сўх туман, Чашма қишлоғининг Қирғизистоннинг Боткен вилоят, Кадамжай туман, Чечме айили билан чегарадош ҳудудида жойлашган Чашма булоғи бўйида икки давлат фуқаролари ўртасида оммавий жанжал содир бўлган.

Икки томондан қарийб минг киши қатнашган, жараёнда Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев тошбўрон қилингани акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалган.

Youtube тармоғида 800 мингдан ортиқ обуначи йиққан Дадахон Ҳайдаров, бу низолар ортидан туманга бориб, норози сўхликлар билан юзма-юз учрашган Бош вазир Абдулла Арипов олдида сўзга чиққанди.

Ўша учрашувда Ҳайдаров, ўзи яшаб турган Сўх тумани муаммоларини ёритишида маҳаллий раҳбарлар тўсқинлик қилишини айтган, туман муаммоларини Тошкентга етказишда А. Ариповдан ёрдам сўраган эди.

Шунингдек, у туман раҳбарлари ҳамда Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевни алмаштиришни сўраган эди.

Ўз навбатида, бу муаммоларнинг борлигини эътироф этган Абдулла Арипов блогер Дадахон Ҳайдаров тилга олган муаммоларни тез орада ҳал қилиб беришни ваъда қилганди.

XS
SM
MD
LG