Ссылки доступа

Валюта операцияларини амалга ошириш соддалаштирилди


Жорий йилнинг 1 сентябридан валютани тартибга солиш соҳасидаги амалда бўлган 5 та идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни унификация қилиш орқали валюта операцияларини амалга ошириш соддалаштирилди.

Адлия вазирлигининг 3 сентябрда билдиришича, Марказий банк бошқаруви томонидан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида валюта операцияларини амалга ошириш қоидалари Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.

Мазкур ҳужжатга асосан жисмоний шахслар билан валюта операцияларини амалга оширишда улардан паспорт нусхаси талаб қилиш билан боғлиқ норма чиқариб ташланди.

Шунингдек, банклар томонидан мижозлар билан валюта операцияларини амалга оширишда ортиқча вақт ва ҳужжатлар талаб этилиши билан боғлиқ нормалар бекор қилинди.

Вазирликнинг билдиришича, хўжалик юритувчи субъектларнинг маблағларини конвертация қилиш жараёнлари ҳамда чет эл валютасини сотиб олиш учун тақдим этиладиган буюртмаларни банклар томонидан кўриб чиқиш тартиби ҳам соддалаштирилди.

Яна бир янгилик, валюта биржаси савдоларида иштирок этиш учун мижознинг ҳисоб варағида қатъий равишда маблағлар резерв қилиниши бўйича талаб бекор қилинди.

Сотиб олинган маблағлардан фойдаланиш борасида қўшимча қулайликлар яратилди, хусусан, банк мижозларининг махсус валюта ҳисоб варағига турли хил сабабларга кўра қайтиб тушган валюта маблағларидан такроран фойдаланиш имконияти яратилди.

XS
SM
MD
LG