Ссылки доступа

Тожикистон Халқ-демократик партияси Эмомали Раҳмон номзодини кўрсатди


Тожикистон Халқ-демократик партияси амалдаги президент Эмомали Раҳмон номзодини президентлик сайловларида иштирок этиши учун кўрсатди. Партия вакилларининг айтишича, қарор 3 сентябр куни ТХДП съездида қабул қилинди.

ТХДП ижроия қўмитаси марказий аппарати раҳбари Абдураҳмон Хоновнинг Радио Озодига маълум қилишича, съезд делегатлари 1 минг кишидан кўпроқ эди. Президентликка номзод кўрсатиш ва унинг дастурини тасдиқлаш съезд кун тартибидаги асосий масалалардан бўлди.

Мустақил ОАВ журналистларини “Коҳи Борбад” мажмуасида бўлиб ўтган бу тадбирга киритишмади, шу сабабли ўзининг сайланиши ҳақида Раҳмон нима дегани маълум эмас.

Тожикистон Халқ-демократик партияси 1994 йил декабрда ташкил этилган ва аввалига Халқ партияси деб аталган.1998 йилда президент Эмомали Раҳмон партия етакчиси этиб сайланди ва партия номи Халқ -демократик партияси дея ўзгартирилди. Тожикистонинг овоз бериш хуқуқига эга 4 миллион аҳолисининг ярим миллиони - 15 фоизидан кўпроғи – ҳукмрон партия аъзолари ҳисобланади. Муҳолифатчиларнинг фикрича, бунга ҳокимиятни суиистеъмол қилиш орқали эришилган.

ТХДП съездига қадар амалдаги президент номзоди Мустақил касаба уюшмалари Федерацияси ва Тожикистон Ёшлар Иттифоқи томонидан кўрсатилган эди. Кўпчилик сайловларрнинг ғолиби Эмомали Раҳмон бўлишини айтишади.

Аввалроқ президентликка номзод сифатида Рустам Латифзода (Аграр партия), Абдуҳалим Ғаффоров (Социалистик партия), Саиджафар Усмонзода (Демократик партия) ва Рустам Раҳматзода (Тожикистон иқтисодий ислоҳотлар партияси) кўрсатилган эди. Мухолифатдаги ягона Социал-демократик партия октябрда бўлиб ўтиши кутилаётган президентлик сайловини конституцияга, халққа қарши ва ноқонуний дея эълон қилди.

Тожикистонда навбатдаги президентлик сайлови 11 октябрда бўлиб ўтади. Бу Тожикистон мустақилликка эришганидан бери ўтказиладиган олтинчи президентлик сайловидир.

Эмомали Раҳмон 28 йилдан бери Тожикистонни бошқаради. Тожикистон президентини ўзгача фикрловчиларни бостиришда, инсон ҳуқуқларини бузишда, сўз ва виждон эркинлигини чеклашда танқид қилишади. Тожикистон раҳбарини қариндош-уруғчиликда ҳам айблайдилар – унинг фарзандлари ва яқин қариндошлари мамлакат раҳбариятидаги нуфузли мансабларни эгаллаб келади ва катта бойликка эга. Бироқ, Раҳмоннинг тарафдорлари у мамлакатдаги фуқаролар урушига барҳам берганини, мамлакатни коммуникацион боши берк кўчадан олиб чиққанини, ҳамда бошқа йирик лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этганини ва аҳолини электроэнергия билан таъминлаш муаммосига барҳам берганини қайд қиладилар.

XS
SM
MD
LG