Ссылки доступа

Қозоғистонда амалдорларнинг хорижда ҳисоб рақами бўлишига тақиқ киритилади


Қозоғистон молия вазирлиги давлат амалдорлари ва уларнинг оила аъзоларининг хорижда банк ҳисоблари бўлиши тақиқланиши ҳақида маълум қилди.

Бу ташаббус оффшорлардаги кенг қамровли бойликларнинг ёруғлика чиқиши ортидан коррупция билан боғлиқ бир нечта машмашалар туфайли тақдим қилинди.

Молия вазири Ерулан Жамаубаев 2 сентябр куни баёнот берар экан, бу режа — ўзи бошқараётган муассасанинг яширин иқтисодиётга қарши кураш ва молиявий мувоффиқлаштиришни кескинлаштириш борасидаги дастурининг бир қисми эканлигини айтди.

Унинг баёноти президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг “халққа мурожаати”да 2021 йилдан бошлаб корупциянинг олдини олиш мақсадида ҳукумат амалдорлари, депутатлар ва судьяларнинг хорижда ҳисоблари бўлишини тақиқлаш кераклиги борасида айтган гапларидан бир кун ўтиб берилди.

Бир вақтлар собиқ совет мамлакатлари орасида иқтисодий ислоҳотлар бўйича намуна бўлган Қозоғистон имиджи сўнгги йилларда салбий кўриниш касб эта бошлади, бунга амалдорлар ва уларнинг оила аъзоларининг хорижда йирик жамғармалари ва ҳашаматли уйлари тўғрисида тарқатилаётган хабарлар сабаб бўлди.

Аввалроқ, шу йили Буюк Британия жиноятчиликка қарши кураш миллий агентлиги Қозоғистон собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг қизлари ва набираларидан Лондонда қимматбаҳо кўчмас мулк сотиб олиш учун сарфлаган пулларининг келиб чиқиши юзасидан тушунтириш берилишини талаб қилган эди. Иш судда кўриб чиқилди, Назарбоевнинг набираси Нурали Алиев ва унинг онаси Дариға Назарбоева умумий қиймати 100 миллион долларга тенг қаср ва хонадон бўйича тушунтириш бердилар, аммо суд жараёни собиқ президент оиласи ва уларнинг мулкига жаҳон ОАВ эътиборини тортди.

«Сўзсиз, бу борадаги режанинг ошкор эълон қилиниши жамоатчиликка юборилган сигнал бўлиб ҳукумат порахўрлик ва клептократияга қарши жиддий чоралар кўришга аҳд қилганини кўрсатмоқда», — дейди Марказий Осиёдаги коррупция борасидаги китоблар муаллифи, АҚШнинг Колумбия университети Харриман институти директори Александр Кули.

Ерулан Жамаубаевнинг маълум қилишича, барчабанк ҳисоблари Иқтисодий Ҳамкорлик ва Тараққиёт Ташкилоти (ИҲТТ) аъзолари ўртасида маъмуотларни айирбошлаш дастури асосида текширилади.

ИҲТТ — бу бозор иқтисодиётига асосланган 37та мамлакатдан иборат халқаро гуруҳ бўлиб, иқтисодий ривожланиш ва барқарор тараққиётга ҳисса қўшиш мақсадида гуруҳга аъзо бўлмаган 70 дан ортиқ мамлакат билан ҳамкорлик қилади.

Жамаубаев бу режа қачон ҳаётга татбиқ этилиши ва агар амалдорлар ва уларнинг оиласининг оффшор ҳисоблари фош қилингудек бўлса нималар юз бериши юзасидан тушунтириш бермади.

XS
SM
MD
LG