Ссылки доступа

Қозоғистон ҳукумати пенсия жамғармаларини муддатдан аввал олишнинг минимал миқдорини белгилади


Қозоғистон меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги фуқароларнинг Ягона пенсия жамғармаси фонди (ЯПЖФ)даги муддатдан аввал олиниши мумкин бўлган маблағлар миқдорини маълум қилди.

Вазир Биржан Нуримбетовнинг таъкидлашича, бу чегара омонатчининг ёшига боғлиқ бўлади. Вазирликнинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, чегара қуйидагича бўлади: 30 ёшли фуқароларга — 2 518 000 тенге; 35 ёшлиларга — 2 961 000 тенге; 40 ёшлиларга — 3 437 000 тенге; 45 ёшлиларга — 3 947 000 тенге; 50 ёшлиларга — 4 495 000 тенге, 55 ёшлиларга — 5 084 000 тенге; 59 ва ундан катта ёшлиларга — 5 586 000 тенге.

Вазирликнинг баёнотига қараганда, чегара омонатчининг жинсига боғлиқ эмас ва мунтазам равишда даромад ва инфляцияга қараб омонатчилар учун ўтказиб борилади. Вазирлик ҳисоб-китобларига қараганда, омонатларнинг маълум қисмини 720 мингга яқин қозоғистонлик олиш имкониятига эга бўлади.

ЯПЖФда 2020 йил август ҳолатига кўра 12 триллион тенге (28 миллиард доллар)га яқин пул бор. Фондда 11 миллиондан ортиқ ҳисоб рақами (бир ҳисобда ўртача — бир миллион тенге бор) очилган.

ЯПЖФ маблағларидан учта мақсад бўйича фойдаланиш мумкин: кўчмас мулк сотиб олиш, даволаниш ёки қимматбаҳо қоғозларга сарфлаш. Ҳукуматнинг маълум қилишича, турар-жой биносини биринчи ёки иккинчи бозордан харид қилиш мумкин. Ер участкасини сотиб олиш, ипотекани молиялаш, шунингдек, қурилишга йўналтириш ёки шахсий уйини таъмирлаш мумкин бўлади. Пенсия жамғармалари ҳисобидан сотиб олинган кўчмас мулкни беш йил мобайнида сотиш тақиқланади.

Агар омонатчи пулларни даволаниш учун олмоқчи бўлса, у ҳолда соғлиқни сақлаш бошқармалари қошидаги комиссияга мурожаат қилади, сўнг клиникани танлайди ва маблағни олиш учун ариза беради, дейилади вазирлик хабарида. Аризани, ҳозирча ташкил этилмаган, тегишли орган кўриб чиқади.

Омонатчи ўз жамғармаларининг маълум қисмини хусусий молия компания бошқарувига бериши мумкин. Пенсия активларини ишончли бошқармага бериш тартиби молиявий бозорни ривожлантириш ва мувоффиқлаштириш агентлиги томонидан белгиланади.

Вазирлик берган баёнотга қараганда, ЯПЖФдаги омонатларнинг маълум қисмини олиш ҳуқуқидан қозоғистонликлар 2021 йилда фойдаланишлари мумкин.

Давлат томонидан бошқариладиган ЯПЖФ давлат ва хусусий сектор ходимларининг мажбурий ва кўнгилли берган пуллари ҳисобидан ташкил топган. Танқидий кайфиятдаги иқтисодчиларнинг айтишларича, қозоғистонликларнинг пенсия жамғармалари самарасиз тўпланади. ЯПЖФ активларини бошқарадиган Миллий банк бу каби танқидларни инкор қилади.

Қозоғистонда эркаклар 63 ёшдан, айни дамда аёллар 59 ярим ёшдан пенсияга чиқади.2018 йилдан аёлларнинг пенсия ёши ҳар йили олти ойга узайтирилади (авваллари аёллар 58 ёшда пенсияга чиқарди),2027 йилга бориб аёл ва эркакларнинг пенсияга чиқиш ёши тенглашади.

XS
SM
MD
LG