Ссылки доступа

Ёш адвокат бўлғуси сайловда Тожикистон президенти лавозими учун курашмоқчи


Faromuz Ergashev
Faromuz Ergashev

Хороглик ёш адвокат 11 октябрга белгиланган президентлик сайловида Тожикистон раҳбари лавозими учун курашиш хоҳишини баён қилди.

Фаромуз Иргашев ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеомурожаатида сайловга мустақил номзод сифатида бораётганини, негаки, у қандайдир сиёсий партия ёки жамоат ташкилоти номзоди ҳисобланмаслигини айтди.

Ёш адвокат ўз тарафдорларининг 35 минг имзосини тўплаган. Тожикистонда давлат раҳбари ёки парламент юқори палатасининг аъзоси лавозимига 30 ёшга етган шахслар сайланиши мумкин.

Президент ва парламент аъзолари учун ёш чегарасига тааллуқли республика қонунларига тузатишлар 2018 йилнинг февралида Тожикистон парламенти томонидан маъқулланган эди. Президент лавозимига давлат тилини биладиган, Тожикистон ҳудудида камида сўнгги 10 йилдан бери истиқомат қиладиган шахс даъвогарлик қилиши мумкин. Президент лавозимига номзодлар МСКга ўз номзодининг қўллаб-қувватловига 210 минг имзо (сайловчилар умумий сонининг 5 фоиздан кўпроғи) тақдим этиши керак.

Тожикистонда сиёсий партиялар, касаба уюшмалари, Ёшлар иттифоқи, Сўғд, Хатлон вилоятлари, Тоғли Бадахшон мухтор вилояти ва Душанбе шаҳар мажлислари ўз номзодларини давлат раҳбари лавозимига илгари суришлари мумкин.

Фаромуз Иргашев 30 ёшда, 2015-2020 йилларда Тоғли Бадахшон мухтор вилояти Мажлисининг депутати бўлган. Шу йилнинг мартида унинг Тожикистон парламенти қуйи палатаси - Мажлиси намояндагонга ўтиш уриниши муваффақиятсизликка учраган эди.

Агар расмийлар Иргашевни президентликка номзодлигини рўйхатга олишни истамасалар, ёш юрист БМТнинг тегишли идораларига мурожаат қилмоқчи. "Мен ҳаммасини ўйлаб чиқдим. Менинг бошқа йўлим йўқ. Мен коррупцияга қарши курашмоқчиман. Фарқи йўқ – менга ким ва қандай таҳдид қилади. Чекинмоқчи эмасман", - дея қайд этади Иргашев.

XS
SM
MD
LG