Ссылки доступа

Amnesty: тиббиёт ходимлари COVID-19 дан “ҳайратланарли миқёсда” ўлмоқда


Халқаро ноҳукумат ташкилоти Amnesty International бутун дунё бўйлаб камида етти минг нафар тиббиёт ходими коронавирусдан вафот этганини айтмоқда. Ташкилотнинг қайд этишича, ким олдинги сафда вирусга қарши курашаётган бўлса, ҳимоя воситаларига керакли тартибда эга бўлиши керак.

«Соғлиқни сақлашнинг ҳар бир ходими ишда хавфсизлик ҳуқуқига эга, одамларнинг бунинг учун бу қадар юқори ҳақ тўлашига йўл қўйиб бўлмайди, — дейди инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Лондон гуруҳининг иқтисодий ва ижтимоий адолат бўлими раҳбари Стив Кокберн. — Пандемия бошланганидан бир неча ой ўтиб тиббиёт ходимлари Мексика, Бразилия ва АҚШда даҳшатли суръатларда ўлмоқда, ўз навбатида, инфекциянинг Жанубий Африка ва Ҳиндистонда тезлик билан тарқалиши барча давлатларнинг чоралар кўриши зарурлигини кўрсатмоқда».

Мексикада пандемия вақтида 1320 нафар тиббиёт ходими вафот этди. Мамлакатда 610 мингдан зиёд касаллик ва COVID-19 дан деярли 66 минг ўлим ҳолати қайд этилди. Мексика расмийлари тиббиёт ходимлари ўлимининг батафсил ҳисоботини юритмоқда. Бугунги статистиканинг кўрсатишича, касалланган шифокорларнинг сони 97632 га етган.

Amnesty International шунингдек, бошқа энг кўп касаллик тарқалган мамлакатлардаги тиббиёт ходимлари орасида ўлимнинг юқори даражасини ҳам қайд этди: АҚШда — 1 077 тиббиёт ходими; Бирлашган қиролликда — 649; Бразилияда — 634; Россияда — 631; Ҳиндистонда — 573; Жанубий Африкада — 240; Эронда — 164.

«Бошқаларни қутқараман деб вафот этган етти минг тиббиёт ходими, — бу “ҳайратланарли миқёсдаги” инқироз, — дейди Кокберн. Amnesty International нинг тахмин қилишича, тиббиёт ходимлари орасидаги ўлимлар сони анча пасайтириб кўрсатилган.

XS
SM
MD
LG