Ссылки доступа

Туркманистонда писта теримига йўл олган аскарлар ЙТҲ оқибатида вафот этди


Туркменистан (архивное фото) 
Туркменистан (архивное фото) 

Туркманистоннинг Мари вилоятида йўл транспорт ҳодисаси оқибатида беш нафар туркман аскари ҳалок бўлди. Азатлиқ радиоси манбаларининг хабар қилишича, бахтсиз ҳодиса писта теримига юборилган аскарлар иштирокида юз берди.

"2 сентябр куни Серхетабад шаҳридаги чегара хизмати қисмининг командири муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарларни Туркманистон ва Афғонистон ўртасидаги бетараф зонага писта териш учун юборган. 30 дан ортиқ аскар "Урал" русумидаги ҳарбий машина кузовига чиқарилган. Йўлда машина ағдарилиб кетган, бунинг оқибатида одамлар ҳалок бўлди", дея хабар берди ўз номини ошкор қилишни истамаган Азатлиқ манбаси.

Унинг айтишича, ЙТҲ оқибатида беш аскар ҳодиса жойида вафот этган. Қолган 27 нафар аскар оғир аҳволда шифохонага ётқизилди.

"Ҳалок бўлган аскарлардан бири Ашхабодда истиқомат қиларди, у 3 сентябр куни Чоганли қабристонига дафн қилинди. У армияга тўққиз ой муқаддам чақирилган ва хизмат қилиш учун Серхетабадга юборилган эди. Жароҳат олган аскарларнинг ҳаммаси жиддий лат еган. Кўпчилигининг қўл ва оёқлари синган", дея хабар беради манба.

Азатлиқ радиоси ихтиёрида бахтсиз ҳодисанинг айрим қурбонлаарининг шахсий маълумотлари ва манзиллари бор. Аммо хавфсизлик нуқтаи назаридан уларниэълон қилишдан тийиламиз.

Туркманистон-Афғонистон чегарасидаги Серхетабад шаҳри яқинида жойлашган тоғ ҳудудларида писта дарахти ўсади. Бизнинг манбанинг айтишича, чегарачилар бу ерга маҳаллий аҳолини яқинлаштирмайди. "Айрим маълумотларга қараганда, командир юқоридаги бошлиқларга яхши кўриниш мақсадида аскарларни писта теришга юборган. Бозорда бир килограмм писта 150 манатгача туради", дея қўшимча қилади манба.

Бахтсиз ҳодиса ҳақида Türkmen.news нашри ҳам хабар берди, унга кўра ЙТҲ оқибатида 11 нафар аскар ҳалок бўлди. Нашрнинг 3 сентябр кунги хабарига кўра, Тагтабазар чегара отряди қўмондонлиги 40 нафар аскарни ҳарбий юк машинасида писта теришга юборган.

Нашрнинг қайд қилишича, фалокат борасида иккита версия бор. Биринчи версияга кўра, ҳайдовчи бошқарувни йўқотган, бошқа таҳминга кўра техника ишдан чиққан бўлиши мумкин. Аскарларнинг ҳалок бўлиш факти юзасидан жимжитлик.

Азатлиқ ва бошқа мустақил нашрларнинг мухбирлари мунтазам равишда аскарларнинг оғир хизмати, жумладан улар мажбуран пахта теримига ва бошқа ишларга жалб қилиниши ҳақида маълумот бериб туради.

XS
SM
MD
LG