Ссылки доступа

Бир суткада Қозоғистонда 60 та COVID-19 ва 140га яқин “зотилжам” аниқланди


Қозоғистонда 7 сентябрь эрталабки ҳолатга кўра, расман 106 361 та коронавирусга чалинганлар қайд қилинди. Бир суткада лаборатория бўйича ташҳиси аниқланган 60 нафар бемор аниқланди. Бундан ташқари бир суткада коронавирус туфайли етти киши вафот этди.

Бешта минтақа — Чимкент шаҳри, Туркистон, Мангистау, Қизил ўрда ва Оқтобе вилоятларида COVID-19 билан боғлиқ бирорта ҳам ҳодиса қайд қилинмади.

Сўнгги бир кунда Нур-Султон ва Олмаотада тўртта, Отирауда олтита, Ғарбий Қозоғистон вилоятида саккизта, Шарқий Қозоғистон вилоятида 16 та ҳолат аниқланди. Қолган минтақаларда бу рақам бештадан кам.

Мазкур статистикага эҳтимолий коронавирус инфекцияси ҳолати—COVID-19га ўхшаш, аммо манфий коронавирус тести билан боғлиқ зотилжам киритилмаган. Зотилжамга чалинган касаллар ва вафот этганлар сонини Соғлиқни сақлаш вазирлиги 1 августдан бошлаб қайд қилиб келади, аслида бу касаллик ёз ойи бошларида пайдо бўлган эди.
Сўнгги бир кунда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 139 та «коронавирус зотилжами» ва битта ўлим қайд қилинган. 37 кун мобайнида 27 762 нафар бемор қайд қилинди, 314 нафар бемор вафот этди.

Қозоғистонда 31 августдан бошлаб сусайтирилган чеклов чораларининг янги босқичи амал қилмоқда. Ҳукумат диний объектлар, спортзаллар, бассейнлар, музей ва театрлар фаолиятига рухсат берди. Август ойи сўнгидан бошлаб ташриф буюрувчилар учун қўриқхона ва миллий парклар расман очилди.

XS
SM
MD
LG