Ссылки доступа

Хоразм ҳокими Боғотда аҳолининг 60 фоизи коронавирусга чалинганини билдирди ва айбни террорчига қиëсланган тўйхоналарга юклади


7 сентябрь кунги селектор йиғилишида биргина Боғот туманидаги коронавирус билан боғлиқ вазиятга тўхталган Хоразм вилоят ҳокими Фарҳод Эрманов¸ туманнинг бешта маҳалласида бир кунда 79 одамдан анализ олингани ва улардан 48 нафарининг коронавирусга чалингани тасдиқланганини билдирди.

Хоразм ҳокими эпидемиологик вазиятнинг кескин ëмонлашиб бораëтгани учун тўйларни айблади ва уларни назорат қилмаëтган маҳалла раислари ва участка нозирларини жиноий жавобгарликка тортишни буюрди.

Хоразм санитария-эпидемиология тизимининг шахси очиқланмаслигини сўраган мутахассиси¸ вилоятда коронавирус билан боғлиқ вазиятнинг издан чиққанини эътироф қилди ва буни на республика ва на маҳаллий ҳокимиятда вазиятни жиловлашга оид конкрет режанинг йўқлиги билан изоҳлади.

7 сентябрь эрталабки соат 8 да Хоразм вилоят ҳокими Фарҳод Эрманов вилоятдаги коронавирус вазияти бўйича яна бир селектор йиғилиши ўтказди.

Бу йиғилишда бевосита қатнашган маҳаллий мулозимга кўра¸ вилоят ҳокими ҳар кун тонгги 8 да коронавирус вазияти бўйича мажлис ўтказади ва унда ҳар куни алоҳида битта тумандаги вазиятни муҳокама қилади.

Йиғилиш иштирокчисига кўра¸ 7 сентябрь кунги йиғинда Боғот туманидаги аҳвол ҳақида гап борган.

Ушбу йиғилишдан ëзиб олинган аудиоëзувда вилоят ҳокими Фарҳод Эрманов Боғот туманидаги аксар маҳаллалар аҳолисининг 60 фоизига қадар коронавирусга чалинганини айтади.

“Анализларга қарайдиган бўлсак¸ ҳамма маҳаллада 50 фоиз¸ 60 фоиз одам касалланган. Булар бир-бирига юқтириб бутун районни, бу ëқда қўшни районларга ўтиб кетаяпти. Нега ҳеч ким қарамаяпти¸ ички ишлар қаерга қараяпти?”¸ дейди Эрманов афтидан Боғот ҳокимлиги биносининг мажлислар залидан туриб селекторда қатнашган расмийларга қарата.

Ўзига “ëшулли” деб мурожаат қилган туман мулозими билан қисқа гап-сўздан сўнг Фарҳод Эрманов Хоразм вилоят ИИБ бошлиғи Даврон Назармуҳаммедовдан Боғот тумани бўйича ИИБ раҳбари ва ҳамма маҳалла нозири фаолиятига баҳо бериб¸ ўзига хулосасини тақдим этишни сўрайди.

Айни пайтда ҳоким вилоят ИИБ раҳбаридан “қонуний чора кўриб¸ нега бундай бўлгани¸ нега туманнинг эгасиз қолгани” бўйича ҳисоб беришни ҳам сўрайди.

Шундан сўнг вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Жаҳонгир Саъдуллаевга номлари кўрсатилган МФЙ раисларининг ҳаммасини жавобгарликка тортишни буюради.

“Керак бўлса¸ жиноий жавобгарликка тортиш керак. Туман прокурори билан ўтириб¸ қонуний жавобгарликка тортасизлар”¸ деб буйруқ беради вилоят ҳокими.

Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов 7 сентябрь кунги мажлисда Боғот туманидаги вазиятнинг нақадар назоратдан чиққанини кўрсатиш учун айрим маҳаллаларга оид рақамларни келтиради.

“Беруний маҳалласи бўйича¸ 19 та анализ олинган бўлса¸ 12 тасида касаллик аниқланди. Нима дейиш керак¸ 19 тадан 12 тасида коронавирус чиқиб турган бўлса? Янги қадамда 18 анализдан 11 тасида касаллик аниқланган¸ Нурафшонда 14 анализдан 9 тасида аниқланган касаллик. Хаварчи қалъада 16 тадан 11 да коронавирус чиққан¸ Ашхободда 12 сидан 5 тада коронавирус аниқланган. Энди буларни нима қилиш керак? Яна бир ҳафтадан кейин ҳаммасига юқиштириб бўламизку!”¸ дейди вилоят ҳокими.

Боғот туманида коронавирус тарқалишига оид рақамларни келтирган Хоразм вилояти ҳокими вазиятнинг бу қадар ëмонлашгани учун тўйларни айблади.

“Аҳвол бундай¸ бу ëқда тўй қилиб ëтипти. Тўй керакдир¸ лекин тўйда одам ўзига ўзи зарар қилмаслиги керакку ахир! Маҳалла раисининг ақли етмайдимикан¸ бориб туриб маҳалла нозири билан ўтириб¸ больницада ўлган одамларнинг рўйхатини бериш керак. Тўйхонамас¸ ҳозир полний одамларни қиришга қаратилган нарса бўлаяпти. Тўй деб туриб¸ одамларни чақириб¸ касаллик тарқатиб ¸ аниқли одамларни олиб бориб касалликни юқиштириш бу. Қасддан ахир бу жамиятимизга зарар келтираяпти бу. Террористдан беш баттар ëмон бу! Террорист бориб бир нарсани портлатса¸ тўрт одам ўлади¸ уч одам ўлади. Бу бориб туриб 100 одамни чақириб туриб¸ зарар тарқатиб касаллантириб турган одам террористдан баттар бу. Агар тушунадиган бўлса МФЙ раиси участка нозири билан террористик тизимни қўллаган билан бир хил бўлиб турипти Бефарқ бўладими шунчалик ҳам? Террорист шу ерда ўлдиради уни¸ булар больницага олиб бориб ўлдиради. Умуман эга йўқ. Ана шу Ашхобод маҳалласини умуман ишдан олиб ташлаш керак. Йўқотинглар бундай одамларни. Участка нозириниям ишдан олиб ташлаш керак”¸ дейди вилоят ҳокими.

Вилоят ҳокими зудлик билан қаттиқ чора кўриш орқали¸тартиб ўрнатишни буюради ва “дўхтирлар¸ СЭС ходимларини” ҳар битта коронавирусга чалиниш ҳолати бўйича ўзига ҳисоб беришдан огоҳлантиради.

Селектор йиғилишида қатнашган Хоразм туманларидаги МФЙ раҳбарларидан бири¸ коронавирус вазиятининг ëмонлашганини эътироф қилган ҳолда¸ бунинг учун масъулиятни маҳалла етакчиларига юклашни “адолатсизлик” деб атади.

“Ҳар кун тонгги 8 да Эрманов коронавирус бўйича йиғилиш қилади. 30 одамни тўплаб тўй берганни террорчига чиқарди¸ ўзи эса ҳар куни ҳар битта район мажлислар залига 200 одамни тўплайди. Унда ҳокимнинг ўзи ким? Иши фақат МФЙ раҳбарларига таҳдид бўлиб қолган”¸ дейди хавфсизлиги боис шахси ва маҳалласи номини очиқламасликни сўраган хоразмлик маҳаллақўмлардан бири.

Коронавирус бўйича республика махсус комиссияси қарори билан 15 августдан бошлаб 30 кишилик тўйларга рухсат берилган.

Хоразм вилоят ҳокими 7 сентябрь кунги селектор йиғилишида келтирган рақамлар Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги бериб бораëтган расмий статистикага нисбатан шубҳаларни янада кучайтиради.

ССВ 6 сентябрь ҳолати бўйича ҳозиргача Хоразм вилоятида жами 479 та коронавирусга чалинганлик ҳолати аниқланганини айтган бўлса¸ 7 сентябрь кунги чиқишида ҳоким Эрманов Боғотдаги касаллардан ташқари вилоятдаги 7854 ўқитувчидан 453 нафари коронавирусга чалинганини ҳам таъкидлади.

XS
SM
MD
LG