Ссылки доступа

Нур-Султонда уйда яшовчилар яна бўш ётган ерда қурилиш бўлишига қарши чиқдилар


Қозоғистон пойтахтининг бир неча кўп қаватли уйларида яшовчилар 7 сентябр куни уйлари яқинида, Кабанбай-ботир ва Сиганак проспектлари кесишган ерда жойлашган бўш ётган ерда йиғилдилар. Улар бу жойда янги турар жой мажмуаси қурилишига қарши чиқдилар.

Турғунларга кўра, улар ҳокимият ҳамда қурувчи BI Group компанияси вакилларининг келишини кутишган, аммо улар воқеа жойига келишмаган.
Йиғилганлар қўлларида “Энди биз қаерда ўйнаймиз?”, “Бундай шароитда болаларни қандай ўргатиш мумкин?”, “Умид қиламиз, президент бизни эшитади” каби плакатлар кўтариб олишган, ва “Биз қаршимиз!”, “Тоқаев бизни эшит” каби шиорлар айтиб бақиришган. Айрим яшовчилар ўз балконларидан туриб “Тоқаев, бизни эшит” ва “Биз қурилишга қаршимиз” қабилидаги плакатларни илиб қўйишган.

Кўп қаватли «Номад» турар жой мажмуаси яшовчиларининг ташаббускор гуруҳи номидан гапирган Мухтар Тугеловнинг айтишича, гуруҳ май ойидан бери 700 имзони тўплаган ва бир неча бор маҳаллий расмийларга мурожаат қилган.

— Биз ҳокимият вакиллари билан уч марта учрашдик. Бизга розиликсиз ҳеч қандай қурилиш бошланмаслигини айтишди. Аммо битта муҳим масала очиқ қолмоқда. Бу — ушбу қурилиш ўзининг қонунийлиги. Биз прокуратурага, коррупцияга қарши кураш агентлигига, архитектура бошқармасига, шаҳарсозлик бошқармасига ёздик, лекин ҳануз аниқ жавобни олмадик, — дейди у.

Йиғилганлар Тугеловнинг айтган сўзларига қўшилишди. Ўраб қўйилган қурилиш майдончасида шунингдек, мактаб қурилиши режалаштирилаётгани борасидаги эълон пайдо бўлган. Бироқ яшовчилар бу ғояга ишонқирамай қарашади, негаки, уларга кўра, ўқув кабинетларини тўлиқлиги билан боғлиқ муаммони ечиш учун икки минг ўқувчига мўлжалланган мактаб қуриш талаб этилади.
— Биз бу жой қурилишига қаршимиз. Яхшиси бу ерда парк ва мактаб ўқувчилари саройи қурсин. Бизнинг талабимиз шу. Агар олдин биз йиғилиб, қурилиш боришига тўсқинлик қилган бўлсак, энди қурилишни тўхтатишга ҳам кучимиз етади, — дейди йиғилиш қатнашчиси Олжас Билалов.

Полиция йиғилганларни бир чеккада кузатиб турди. Ўз навбатида «Номад» турар жой мажмуасида яшовчи Анар Бекбауова хавфсизлик кучлари ҳаракатидан ҳайратга тушганини айтди. Унга кўра, участка нозири унинг эшиги олдига келиб унинг фарзандидан балконга илинган плакатни олиб ташлашни талаб қилган.

— Болаларимиз ҳеч қачон бу мамлакатда лидер бўлиб етишолмайди. Чунки улар ўқиётган мактабда таълим даражаси жуда паст. Мактаб ўқувчилари Саройи бўлмагани учун бўш вақтларида нима қилишни билишмайди. Кўп болали оналар ўз фарзандлари учун уйда ўтиришга мажбур, негаки, улар болаларини шаҳарнинг бошқа чеккасидаги тўгаракларга олиб боришади, — дейди у.

Нур-Султоннинг сўл соҳилидаги бир-бирига уланиб кетган «Номад», «Сармат» ва «Инфинити» каби кўп қаватли турар жой мажмуаларининг яшовчилари шу йилнинг май-июн ойларида худди шундай талаб билан йиғилишган эди. Ўшанда Нур-Султон шаҳри ҳокимияти Озодликнинг бу участкада яшаш мажмуаси қурилиши ҳақидаги сўровини жавобсиз қолдирган эди. ВI Group вакили ўшанда яшаш мажмуаси бунёд этилиши шаҳарни ривожлантириш бош режасида кўзда тутилганини айтган.
Очиқ манбалардан олинган маълумотга кўра, қурувчи компания 900 ўринга мўлжалланган мактаб қурилиши кўзда тутилган участкада янги турар жой мажмуаси қурилиши ҳақида хабар бермоқда. Хабар берилишича, лойиҳани давлат-хусусий шериклик доирасида амалга ошириш режалаштирилмоқда.

XS
SM
MD
LG