Ссылки доступа

Қирғизистон МСК парламенти депутатлари сайловига 25 нафар халқаро кузатувчини аккредитациядан ўтказди


Сайловлар ва референдумларни ўтказиш бўйича Марказий комиссия 7 сентябр куни халқаро кузатувчи сифатида халқаро ташкилотларнинг 25 нафар вакилларини аккредитация қилди. Бу ҳақда МСК матбуот хизмати хабар қилди.

Улар орасида ЕХҲТнинг демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича Бюросининг 18 вакили, шунингдек, МДҲ миссияси ва Молдова МСК вакиллари ҳам бор.

Айни арафда хабар қилинишича, БДИПЧ 4 октябр куни Қирғизистонда бўлиб ўтадиган парламент сайловини кузатиш бўйича чекланган миссиясини очди. Миссия аъзолари сайловлар куни чекланган сондаги сайлов участкаларига боради, аммо овоз бериш, овозларни ҳисоблаш ёки натижаларни чиқаришда тизимли кузатиш бўлмайди.

Хабар қилинишича, сайловлар ва референдумларни ўтказиш бўйича Марказий комиссия Facebook вакиллари билан онлайн-мулоқот ўтказган. ҚРдаги БМТ тараққиёт дастури офиси томонидан ташкиллаштирилган учрашувда томонлар сиёсий рекламани жойлаштириш, уни маркалаштириш ва Facebookда тўлов манбаларини аниқлаш масалаларини муҳокама қилишди.

Ижтимоий тармоқ вакиллари фойдаланувчиларни идентификация қилишга оид ўз сиёсати ҳақида маълумот бериб, барча сиёсий реклама ижтимоий аҳамиятли, сайлов ёки сиёсат билан боғлиқ масалалар реклама кутубхонасига қўшилишини гапириб беришган.

Ҳозирги вақтда, Қирғизистон бўйича кутубхонада 879 та эълон мавжуд, уларга ҳаммаси бўлиб $3737 сарфланган.Кутубхонада рекламага пул тўлаган жисмоний шахслар ва партиялар ҳақидаги ахборот ҳам ўз ифодасини топган.

«Биз Facebook вакиллари билан ўзаро ҳамкорлигимиз бошланишини жуда юқори баҳолаймиз Facebook томонидан сиёсий реклама бериладиган аккаунтлар верификацияси бўйича кўрилаётган чоралар Facebookнинг сайловлар ҳалоллигига қўшган муҳим ҳиссасидир. Бу сиёсий рекламани, у ёки бу партия ёки номзодларни молиялаштиришнинг очиқлигини кузатишга имкон яратади. Партиялар ўз навбатида верификация жараёнидан ўтиши мумкин, бу уларга сохта аккаунтларга қарши курашда ёрдам беради», - дейди МСК раиси Нуржан Шайлдабекова.

Томонлар шунингдек, АҚШ мисолида бўлгани каби Фейсбукда сукунат куни реклама жойлаштирилишини блоклаш масаласини ҳам муҳокама қилишди. Facebook вакилларининг хабар беришича, бу янги сиёсат ҳозирча АҚШга тааллуқли, аммо улар Қирғизистоннинг расмий манбалар орқали жўнатилган сўровини кўришга тайёрлар.
Жокоргу Кенеш депутатлига сайловлар 2020 йилнинг 4 октябрига белгиланган. Марказий сайлов комиссияси 3 сентябрь куни жами 1912 нафар номзод илгари сурилган 15 та партияни рўйхатга олди.

XS
SM
MD
LG