Ссылки доступа

10 дан ортиқ сўхлик туман ИИБга сўроққа чақирилди, камида 2 нафарига куч қўллангани иддао қилинмоқда


5 – 6 сентябрь кунлари Сўх туманининг Новобод маҳалла фуқаролар йиғинида яшайдиган 10 дан ортиқ йигит туман ИИБга чақирилиб, сўроқ қилинди.

Яқинлари ва танишларининг иддао қилишича, чақиртирилган сўхликлардан шу йилнинг 31 майидаги чегарада бўлган низода иштирок этган бошқа тумандошларига қарши кўрсатма бериш талаб қилинган, камида икки нафарига нисбатан куч қўлланган.

5 – 6 сентябрь кунлари туман марказидаги Новобод маҳалласида яшайдиган 10 дан ортиқ йигит туман ИИБга чақирилгани тўғрисидаги маълумотни Сўх туманида истиқомат қиладиган 33 яшар йигит берди.

Бу сўхликнинг даъво қилишича, ИИБга чақирилганлардан, шу йилнинг 31 майида Қирғизистон билан чегара ҳудудидаги “Чашма” булоғи устидан чиққан низо ҳақида кўрсатма бериш талаб қилинган ва сўроқ давомида камида икки нафари калтакланган.

Шу йилнинг 31 май куни Фарғона вилоят, Сўх туман, Чашма қишлоғининг Қирғизистоннинг Боткен вилоят, Кадамжай туман, Чечме айили билан чегарадош ҳудудида жойлашган Чашма булоғи бўйида икки давлат фуқаролари ўртасида оммавий жанжал содир бўлганди.

Расмий баёнотга кўра, жанжалда икки тарафдан мингдан ошиқ одам, гувоҳларга кўра эса 4 мингга яқин одам қатнашган, томонлар бир-бирини тошбўрон қилган, бир неча уйга ўт қўйилганди.

8 сентябрь куни исмини ошкор қилмаслик шарти билан гапирган сўхлик, ўтган ҳафта охирида туман ИИБ га чақирилганлардан бири - 29 яшар новободликнинг қўшниси эканини айтди.

Унинг даъво қилишича, душанба куни қўшнисини жароҳатдан бир оёғини ерга босолмайдиган аҳволда кўрган.

Бу сўхликнинг айтишича, қўшниси шанба – 5 сентябрь куни туман ИИБнинг ертўласида калтакланганини айтган.

“Участковой мелиса телефон қилиб, бир иш бор сизга, деб чақирган. Бир дўсти билан борганида, уни ичкарига олиб кириб кетган. У ерда яна 10-15 та новободлик болалар бўлган. Терговчилар уруш бўлган куни больницанинг олдида жанжалда видеога тушгансан, кимларга тош отдинг, деб сўроқ қилган. Бу бола йўқ мен тош отмадим, деса ертўлага олиб тушиб, уришган”, деб даъво қилди Озодлик суҳбатлашган сўхлик.

Сўх тумани марказида яшайдиган 45 яшар уста ҳам шанба-якшанба кунлари, “Новобод” маҳалласида яшайдиган 10 дан ортиқ йигит туман ИИБга чақирилганини айтди.

У ҳам бир неча йигит калтакланганини даъво қилди:

“Сўроққа чақирилган болаларнинг ҳаммаси 31 май куни туман касалхонаси ёнида бўлган жанжалда видеога тушиб қолган болалар. Телефон қилишиб, чақириб, жанжалда бўлган бошқа йигитларга қарши кўрсатма берасизлар, дейишибди. Битта новободлик 28 яшар бола ўша ерда ҳушидан кетиб қолибди. Лекин, сўхликлар жуда қўрқиб қолган, жуда. Бировга бир дона ортиқча гап гапиришга қўрқяпти”, деди шахсини ошкор қилмаслигимизни сўраган сўхлик Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Сўх туманидаги маҳалла фуқаролар йиғини вакилларидан бири 5-6 сентябрь куни маҳалладаги йигитлар туман ИИБга чақиртирилганини тасдиқлади.

Унинг таъкидлашча, ҳозирда Сўх тумани ИИБ, Фарғона вилояти прокуратураси сўрови билан, шу йилнинг 31 майида чегарадаги низога аралашгани аниқланган йигитларни чақириб, профилактика ишларини олиб бормоқда:

Туман ИИБнинг вакили, 5-6 сентябрь кунлари профилактика суҳбатлари ўтказилгани ҳақидаги маълумотни на тасдиқлади ва на инкор қилди, аммо куч қўлланганига оид иддаоларини рад қилди.

Фарғона вилояти ҳокимининг матбуот котиби Муҳаммаджон Обидов эса бу масалада Сўх тумани ҳокими ва ИИБ раҳбари билан гаплашгани ва улар куч қўллангани оид иддаоларни тўлиқ рад қилганини айтди:

“Сўх тумани катта район эмас, ИИБ ҳам жуда катта бинода эмас, ертўласи ҳам йўқ. Бинодаги тергов хоналарига видеокамера ўрнатилган ва 24 соат давомида видеога ёзилиб турибди. 31 май кунги воқеаларга дахдорликда гумон қилинаётганлар ва воқеа гувоҳлари туман ИИБ чақирилиб, улардан тушунтириш хатлари олиняпти, гувоҳлик кўрсатмалари олиняпти. Бу нарсалар ҳаммаси қонун доирасида амалга ошириляпти. Шунинг учун, подвалига олиб тушиб уришди, деган иддао мутлақо ҳақиқатга мос эмас”, деди М. Обидов.

Шу йилнинг 31 май куни Фарғона вилоят, Сўх туман, Чашма қишлоғининг қўшни Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги Чечме айили билан чегарадош ҳудудида жойлашган Чашма булоғи бўйида икки давлат фуқаролари ўртасида оммавий жанжал содир бўлган.

Расмий баёнотга кўра, жанжалда икки тарафдан мингдан ошиқ одам, гувоҳларга кўра эса 4 мингга яқин одам қатнашган, томонлар бир-бирини тошбўрон қилган, бир неча уйга ўт қўйилган.

Ўзбекистон томони берган расмий маълумотга кўра, Сўх тумани шифохонасига ўқ еган ва жароҳатланган 187 ўзбекистонлик келтирилган, буларнинг 3 нафари ов милтиғидан яраланган.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотга кўра эса, жами 25 қирғизистонлик жароҳатланган, улардан 4 нафари оғир жароҳат билан шифохонага ётқизилган.

Ана шу воқелардан 3 ой ўтиб, 22 август кунидан чегарадаги инцидентга алоқадорликда гумон қилинганларни ҳибсга олиш ҳаракатлари бошланди.

25 авгусга куни Бош прокуратура, содир бўлган ҳодиса юзасидан, шу йилнинг 1 июнида (чегарада низо бўлган куннинг эртасига – таҳр.) Фарғона вилоят прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 244-моддаси (Оммавий тартибсизликлар) билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Расмий баёнотга кўра, 3 ойлик терговдан сўнг 6 шахсга нисбатан ЖКнинг 219 ва 244-моддалари билан айб эълон қилиниб, уларга “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Хусусан, фуқаро Хайдаржон Бобохайдаров (блогер) жиноят иши бўйича гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, ЖПКнинг 226-моддаси тартибида ушланган ва 2 сентябрь куни қўйиб юборилган.

Сўхликлар ва бу тумандаги вазиятни кузатаётган ҳуқуқ фаолларидан келган норасмий маълумотларга кўра эса, 6 киши ҳибсда қолмоқда, яна 2 киши 10 кунлик ҳибсдан сўнг озод қилинган, яна ўндан ортиқ одам туман ИИБ ёки Фарғона вилояти прокуратурасига сўроққа қатнамоқда.

Ҳисбга олинганлар ва жиноят иши доирасида терговга тортилганларнинг яқинлари, қўлга олиниш чоғида сўхликларга куч қўллангани, хусусан, бошига қора қоп кийдирилганини даъво қилган.

XS
SM
MD
LG