Ссылки доступа

Тожикистон мустақиллик кунини байрамларсиз нишонламоқда


"Дворец нации" в столице Таджикистана
"Дворец нации" в столице Таджикистана

Бугун, 9 сентябр куни Тожикистон давлат мустақиллигининг 29 йиллигини нишонламоқда.

Ҳар йили Тожикистон мустақиллиги кенг байрам қилинар экан, турли ижтимоий-сиёсий ва маданий тадбирлар ўтказиларди.

Бу йил коронавирусга қарши кураш ва профилактикаси Республика штаби ҳар қандай оммавий тадбирлар тақиқланишини эълон қилди. Баёнотда таъкидланишича, бу каби тақиқловлар “коронавирус пандемиясининг иккинчи тўлқини тарқалишидан огоҳлантириш мақсадида”қабул қилинди.

Бундан 29 йил муқаддам, 1991 йил 9 сентябр куни Тожикистон Олий Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида мамлакат давлат мустақиллиги тўғрисида Декларация қабул қилинган эди. Бироқ, мустақиллик эълон қилинганидан сўнг Тожикистон беш йил давом этган фуқаролар уруши гирдобига тортилди. Турли маълумотларга кўра, мамлакатда кузатилган ҳарбий ҳаракатлар туфайли 150 минг киши ҳалок бўлди, бир миллионга яқин фуқаро қочқинга айланди.

Мустақилликка эришилганига салкам ўттиз йил бўлганига қарамай, айрим экспертлар мамлакат мустақиллиги амалда таъминланганми деган масалада баҳсларнидавом эттирмоқда.

Тожикистон президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар Маркази директорининг собиқ биринчи ўринбосари Сайфулло Сафаров “бизда миллат ривожланиши учун барча имкониятлар яратиб берилган тўла ва ҳақиқий мустақиллик бор” деди.

Тожикистонлик эксперт Аҳмадшоҳ Комилнинг айтишича, БМТ Тожикистонни мустақил давлат дея тан олганига қарамай мустақил давлат сифатида ҳамон барча масалаларни ўз билганича ҳал қила олмайди. "Мамлакатда мавжуд бўлган кўплаб масалалар ҳал қилинишида Россиянинг таъсири бор ва кўплаб масалалар минтақани ўзининг таъсир доираси сифатида кўрувчи Россия фойдасига ҳал қилинади", - дейди Комил.

Сафаров Радио Озоди билан суҳбатда, Тожикистон мустақил давлат сифатида ўзининг тараққиёт стратегиясига эга ва унинг стратегик режалари барча халқаро ташкилотлар томонидан суверен давлат сифатида тан олинганини айтади.

Унинг таъкидлашича, Россия Тожикистон мустақилигини қўллаб-қувватлашда асосий факторлардан биридир: "Россия Тожикистон мустақиллиги ўрнатилишида бебаҳо ҳисса қўшар экан Тожикистонга қурол, ҳарбий техникалар етказиб бериш ва ҳарбий маслаҳатчилар кўринишида жиддий кўмак берди.

Бироқ, Аҳмадшоҳ Комилнинг фикрича, мамлакат мустақил бўлиши учун авваламбор сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариши керак: "Бизни мамлакатимизни давлат сифатида билишлари учун ўз иқтисодиёти, сиёсий масалаларда ўз мавқеи бўлган ҳолда жаҳон бозоридаўз ўрнимиз бўлиши керак, минг афсуски, биз бу тараққиётга етмадик".

XS
SM
MD
LG