Ссылки доступа

Фирдавс Абдухолиқов: «Панорама» вайрон қилингани йўқ!


Тошкент марказидаги халқ орасида «Панорама» деб аталадиган Алишер Навоий номидаги Санъат саройи фасадига жорий йил 17 августида бошланган таъмир доирасида алюкобонд қоплана бошлангани санъатшуносларнинг жиддий эътирозига сабаб бўлди.

Канададаги Alerte Héritage ташкилоти раҳбари, тарих ва меъморлик фанлари доктори Борис Чухович 4 сентябрь куни «Ўзбеккино» миллий агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқовга очиқ хат билан мурожаат қилди.

Мактубда Борис Чухович «Модернизм меъморчилиги намунаси бўлган бинога алюкобонд қопланиши тарихий обида тароватини йўққа чиқаришидан» хавотир билдирган.

Алишер Навоий номидаги Санъат саройи 2019 йилнинг октябрида Ўзбекистон маданият вазирлигининг «Давлат мухофазасига олинган обидалар» рўйхатига киритилган. Бино совет даврида ҳам давлат мухофазасида бўлган.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги матбуот хизмати вакилининг Озодликка билдиришича¸ «Киносарой биносининг 2019 йили маданий обидалар рўйхатига киритилгани унинг хусусийлаштирилиб қўлдан қўлга ўтишига монелик қилган жиддий омил бўлган» Суҳбатдошга кўра¸ «Давлат мухофазасига олинган обидалар» рўйхатига киритилган ҳар битта бино таъмири борасида Маданият вазирлиги ëдгорликларни сақлаш департаменти билан келишилган холда олиб борилиши керак.

Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти мулозимининг билдиришича "Санъат саройининг алюкобонд билан қопланиши ҳақида "Ўзбеккино" департаментга маълумот бермаган".

Тошкентлик меъмор Абдумалик Турдиев «Панорама киносаройининг арзон ва китч материал бўлган алюкобонд билан қопланиши¸ амалда меъморий асарнинг вайрон қилингани билан тенгдир» деди.

«Ўзбеккино» миллий агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов «Панорама» вайрон қилингани йўқ¸ деди. Суҳбатдошга кўра “санъатшунослар эътирозидан кейин қурилиш ишлари тўхтатилган:

- Аввало айтиш керакки "Панорама" вайрон қилинмаган. У ерда олиб борилган таъмирлаш ишлари бинонинг асосий қиёфаси ва архитектурасига таъсир етказмаган. Бугун бино архитектори Сутягин билан учрашишни режалаштирганмиз. Унинг ўзи ҳам бунга гувоҳ бўлади. Ҳозирда таъмир ишлари тўхтатилган. Алюкобонд эса бинонинг фасадига зарар етказмай реклама баннерларини осиш учун, кичкина қисмга ўрнатилган. Alerte Heritage билан ҳам алоқадамиз, уларни ҳам асл вазият билан таништирдик. Ҳозирда бу борада томонлар бир бирини қўллаб қувватламоқда. Нима бўлганда ҳам Панораманинг ҳозирги аҳволи таъмирталаб. Таъмир ишлари мутахассислар хулосаси билан бинонинг тарихий қиёфасига таъсир кўрсатмай давом эттирилади¸ деди "Ўзбеккино" раҳбари.

Фирдавс Абдухолиқовнинг гапидан бинонинг ўта кичик қисми таъмирланаëтгани тушунилди. 2019 йилнинг декабрида Фирдавс Абдухолиқов Россиянинг тарғиботчи нашрларидан бирига суҳбат бериб « Яқин кунларда Алишер Навоий номли кино саройи тўла реконструкция қилинишини» таъкидлаган эди.

1964 йили ўзбек меъмори С. Сутягин тарафидан лойиҳаланган "Панорамний" кинотеатри қуриб битказилди.

1978 йили Тошкент ижроқўми қарори билан «Санъат саройи» Ўзбекистон ССР тарихий маданий ëдгорликлар рўйхатига киритилади.

XS
SM
MD
LG