Ссылки доступа

Тожикистонда аёл тўрт нафар ёш боласини бўғиб ўлдирди


Хатлон вилоятининг Кушониён тумани Ориён жамоатига қарашли Охолтун қишлоғида яшовчи 30 ёшли аёл ўзининг тўрт нафар ёш боласини бўғиб ўлдирди. Фожиали ҳодиса 9 сентябр кун ярмида юз берди.

Мамлакат ИИВ мазкур фактни тасдиқлади, ҳамда айни пайтда аёл ҳибсга олинганлигини маълум қилди.

Маҳаллий ҳокимият идорасидаги манбанинг айтишича, аёлнинг исми шарифи– Назокатхон Тоирова. Манбанинг сўзларига кўра фожиадан икки кун аввал аёл болалари билан акасининг уйига келган. Маълум бўлишича, Назокатхоннинг эри қурилишда ишлайди ва ҳодиса юз берган куни у уйда бўлмаган. Аёл тўрт нафар – 10, 8, 4 ёшли фарзанди ва бир ёшли чақалоқни ўлдирганидан сўнг айбига иқрор бўлиб милицияга келган.

Ёш онани бу каби жиноят содир этишга ундаган сабаб ҳозирча аниқ эмас. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг таъкидлашича, тергов билан прокуратура шуғулланмоқда.

Ўз жонига қасд қилиш ёки жонига қасд қилишга уриниш – Тожикистонда янгилик эмас, бу каби ҳодисалар йилдан йилга кўпаймоқда. Сўнгги бир неча йилда аёллар фарзандлари билан ўзларини дарёга ташлаш орқали ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кузатилган.

XS
SM
MD
LG